“Китоб ҳафталиги” китобхонлар байрамига айланди
Жиззах вилоятида "Китоб бу – билимлар уммони” шиори остида “Китоб ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда.
Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
Беш муҳим ташаббус доирасида ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган “Китоб ҳафталиги”тадбирлари вилоят ҳокимлиги ва Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ташкилотчилиги билан маданият, халқ таълими, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, олий ўқув юртлари, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилот, муассасаларнинг фаол иштирокида ўтаётир.
Ҳафталик доирасидаги тадбирларда пойтахтимиздан келган шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, санъаткорлар қатнашаётир.
Вилоят мусиқали драма театри ҳовлисига китобхонларни чорлаш билан бошланган ҳафталикнинг очилиш маросими чинакам байрамга айланди. Ҳовли китоб тарғиботига бағишланган деворий лавҳалар, шиорлар, баннер ва турфа гуллар билан байрамона безатилди. Байрамга китоб ихлосмандлари тўпланди. Уларнинг асосий қисми ёшлар – талабалар, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари бўлди.
Вилоят театри ижодкорлари мумтоз ва замонавий адабиётимиз намояндалари асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Чўлпон, Ҳамид Олимжон ва Зулфия образлари орқали ўқилган илм-маърифатга, зиёга, ватанпарварликка чорловчи шеър, ғазал ва монологлар иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.
[gallery-1945]
Тадбир доирасида китобхонлар билан мулоқотлар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Фаол китобхонлар тақдирланди.
– Ушбу ҳафталик Президентимизнинг ёшлар тарбиясида китобхонликнинг аҳамиятини ошириш бўйича янги ташаббусини амалга оширишдаги амалий ишлардан бири бўлаётир, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ҳафиза Қудратова. – Ҳафталикнинг биринчи кунги тадбирлари мазмунли, китобхонларнинг юксак фаоллиги билан ўтди. Аҳоли, айниқса, ёшларда мутолаа маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган саф юришида кутганимиздан ҳам кўпроқ киши қатнашди. Бу халқимизда китобхонлик анъаналари ҳамон яшаб келаётгани далилидир.
Китоб ҳафталиги вилоятнинг шаҳар-туманларида давом этди. Ҳафталик доирасида маданият масканлари ва таълим муассасаларида ижодий учрашувлар, мушоиралар, китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилаётир.
Т. Бекназаров, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА