Кишининг улуғлиги унинг ҳимматидан билинади
Ҳозир бутун ОАВларининг асосий мавзуси пандемия даражасига келган, бутун ер куррасини тобора қисиб бораётган КОРОНАВИРУС хусусида бўлмоқда.
Ҳозир бутун ОАВларининг асосий мавзуси пандемия даражасига келган, бутун ер куррасини тобора қисиб бораётган КОРОНАВИРУС хусусида бўлмоқда. Қаранг, дунёнинг манаман деган давлатлари ҳам бу вирусга қарши курашда ожизлик қиляпти. Айни шу давлатларда оддий ҳимоя воситалари ҳам етишмаяпти. Кеча ўқидим, дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирида коронавирусдан тузатиш нархи 35 мингдан 75 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда. Инсонлар бу пулни топиб беришга жуда қийналмоқда.
Оғир бўлса ҳам айтиш керак, куни кеча телевидениеда (Evronews каналида) кўрсатилдики, Лотин Америкадаги Эквадор давлатида коронавирусдан вафот этганлар мурдаси шаҳар кўчаларида қаровсиз ҳолатда ташлаб қўйилган. Яна бир Европа давлатида коронавирусга чалинган бемор бир кунлик ўпкани сунъий вентилациялаш аппаратидан фойдаланиши учун 500 АҚШ долларини тўлашга мажбур бўляпти экан. Бу ҳолатда тузалиб чиққан бемор йиғлаб айтяптики, мен бир кун эркин нафас олишим учун шунча маблағни тўлаяпман. Ахир ЯРАТГАН биз учун бир умр айни шу имконни ҳеч бир тамасиз бериб келмоқда экан. Унинг карами нақадар буюк!
Энди бир тафаккур қилайлик. Яхши мақолимиз бор: бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил. Республикамизда шу йил 15 мартдан эътиборан карантин эълон қилинди. Хориждаги юртдошларимиз Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг бевосита ташаббуслари ва назоратлари остида уюшқоқлик билан олиб келиниши ташкил этилди. Улар учун алоҳида карантин ҳудудлари ташкил этилди. Қоидага кўра улар 14 кунлик карантинга олинди. Тошкент вилоятида тарихимизда ҳеч бўлмаган муддатда, яъни 5 кунда бир неча минг ўринлик карантин зонаси — касалхона янгитдан барпо этилди. У ерда карантиндагилар учун барча зарурий шарт-шароитлар тўлиқ яратиб берилди. Коронавирусга чалинганлар учун алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Президентимиз халқимиз учун бир неча марта мурожаат билан чиқдилар. Президент Фармон ва Қарорлари имзоланди. Бутун бу чоралар бежизга кўрилмаяпти.
Президент бежизга шахсан ўзлари халққа мурожаат қилишмаяпти. Бу вазиятнинг ўта жиддийлигини кўрсатади. Бутун кўрилган чоралар ўз натижасини бермоқда. Шу кунгача тиббиёт ходимларимизнинг фидокорона меҳнатлари, тажрибалари натижасида бугун 2020 йил 29 апрель ҳолатига 1955 нафар коронавирусга чалинганлар аниқланган бўлиб, уларнинг 1005 нафари соғайиб чиқди. Республикамизда касалликдан халқимизнинг имкон даражасида кам зарарланиши чораларини кўриш борасида хориждан етук мутахассислар, шунингдек, зарурий ҳамда замонавий тиббиёт ашёлари олиб келинмоқда. Давлат, ҳукумат бутун чораларни кўрмоқда, халқимиз ҳам буни жиддий қабул қилиши, ўрнатилган тартибларга сўзсиз амал қилиши лозим. Бугун шахсан ўзим гувоҳи бўлдим. Банк ходимлари орган ходимлари билан махсус машинада уйма-уй юриб пенсия тарқатмоқда. Ҳар бир пенсионернинг пенсия пули банкда махсус ишловдан ўтказилган пакетларга солинган. Пакетнинг устки қисмида пенсионернинг исми-фамилияси, манзили, пенсия миқдори, банкнинг телефон рақами, электрон ҳамда бино манзили кўрсатиб қўйилган. Яна ёзиб қўйилибди: БИЗ СИЗГА ИМКОНИЯТ ЯРАТАМИЗ. Сўраляптики, уйда қолинг. Мана, шахсан давлат раҳбарининг эътибори натижаси. Буларнинг барчаси Инсон номининг улуғлиги, уни эъзозлашнинг юксак намунаси эмасми?
Ўйланиб қоласан, ҳамма юртда ҳам шундаймикан?
Мен шу кунларда уйда ўтириб буюк Алишер Навоий бобомизнинг ажойиб асарларини – “Назмул — жавоҳир”ни ўқиб чиқдим. Ушбу асардан сабр ва қаноат қилиш билан боғлиқ айрим ўгитларни ўзимга ёзиб олдим. Мана улардан баъзилари: “Сабрдан кейин зафар келишини ўзингга башорат қил”, “Сабр албатта ғалаба келтиради”, “Саботли киши албатта муродига етади”, “Қаноат қилувчида ғам бўлмайди” ва бошқалар. Бу сўзларнинг мағизини чақишимиз керак. Демак, сабрли, бардошли бўлайлик.
Талабалар учун ОНЛАЙН дарслар ташкил этилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бизнинг Маданият вазирлигимиз бу борада бошчилик қилишмоқда. Кеча ҳам Олий ва ўрта махсус таълими вазири раҳбарлигида айни шу масалага бағишланган ОНЛАЙН семинар бўлиб ўтди. Унда амалга оширилган ишлар, ютуқлар, камчиликлар, қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида фикрлар алмашилди. Бу соҳада ҳар бир олий таълим муассасаси муайян ишларни амалга оширмоқда. Бу ҳам биз учун, умуман республикамиз таълим тизими учун синов даври, тажрибамиз ошиб боряпти.
Албатта, биз уйда ўтирибмиз, лекин ички ишлар, миллий гвардия, давлат хавфсизлик хизмати, фавқулодда вазиятлар, мудофаа вазирлиги ходимлари кечани кеча, кундузни кундуз, қорни қор, ёмғирни ёмғир демай, ҳақиқий фидойилик кўрсатмоқдалар. Уларга самимий миннатдорлигимизни, беҳад ҳурматимизни изҳор қиламиз. Бугун бутун дунёда тиббиёт ходимларининг қадри жуда яққол сезилмоқда. Улар ҳақиқий фидойилик кўрсатмоқдалар. Ишлари нақадар таҳликали бўлишига қарамай биринчи зарбани ўзларига олмоқдалар, ичган қасамларига содиқ қолмоқдалар. Уларга ўз эҳтиромимизни яна бир бор изҳор қиламиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ана шундай масъулиятли ва оғир кунларда меҳр-мурувватга муҳтож кишилар учун ёрдам кўрсатиш мақсадида “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси ташкил этилди. Шунингдек, 22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати иштирокчилари сони кун сайин ортиб бормоқда. Зотан, саховатпешалик халқимизда азалий қадрият бўлиб келган. Эл бошига иш тушганда саховатпеша инсонлар ҳеч қачон қараб туришмаган. Бугун ҳам ана шу қадриятимиз янада ривож топди. Бу бизни албатта қувонтиради. Бу борада Навоий Ҳазратлари “Кишининг улуғлиги унинг ҳимматидан билинади”деб, бежизга айтмаганлар.
Ана шундай улуғ инсонларимизнинг кўплиги миллатимиз бардавомлигининг бир белгисидир. Биз бундай инсонларимиз билан фахрланишимиз керак. Олтиариқлик бир юртдошимиз ҳақида эшитдим, ўғлига атаб қурган янги уйини сотиб, Республикамиз бўйича, қаерлигидан қатъи назар, кам таъминланганларга ёрдам бераётган экан. Кимдир нимаси биландир ёрдам қўлини чўзиши бу инсонийликнинг бир белгиси, унга хос фазилатдир. Бундан биз севинишимиз керак.
Мен бугун орамизда соховатпеша инсонларнинг кўплигидан мамнун бўлдим. Ҳали орамизда меҳр-оқибат тамоман кўтарилиб кетмаганидан, ёрдамга муҳтож оилаларимиз ҳолидан хабар олувчи инсонлар кўплиги бизни қувонтиради. Умуман, саховатпешалик фазилати халқимизда аввалдан кучли бўлиб келган. Буюк шоир ва мутафаккиримиз Алишер Навоий бу борада ҳам ўрнакдир. Навоий ҳар бир асарида саховатпешалик, инсон шахсига беҳад ҳурмат ва эъзозда бўлишни улуғлайди. Аксинча, молу дунёга ҳирс қўйишни қаттиқ қоралайди. Буюк шоирнинг "Назм ул-жавоҳир" асари айни шу масалаларга қаратилганлиги билан диққатга сазовордир. Мазкур асар, академик Азизхон Қаюмов таъбири билан айтганда, ахлоқий-тарбиявий мазмундаги тўртликлар тўплами бўлиб, Ҳазрат Алининг араб тилида ёзган ўгитларининг (улар наср билан ёзилган) ўзбек тилидаги Навоиёна шеърий таржимаси ва шарҳидан иборатдир.
Буюк Навоийнинг 1481-1482 йилларда ёзган “Вақфия” асарини барчамиз ўқиб чиқишимиз зарурдек туюлаверади. Асарда Навоий ўзининг таржимаи ҳоли, Хуросонда Султон Ҳусайн бошчилигидаги давлатнинг ташкил топиши тарихига оид қимматли маълумотларни беради ва улар хусусида мулоҳазалар юритади. Шунингдек, Навоийнинг давлат ходими қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрлари баён этилади. Асарни яратишдан асосий мақсад Навоий шахсан ўзига қарашли бўлган барча молу мулкни қандай сарф этиш юзасидан йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар беришдан иборатдир. Асар бир маънода Навоийнинг васияти ҳамдир. “Вақфия”да Навоий ўзига тегишли бўлган беҳисоб мол-мулкининг барчасини хайрли ишларга вақф қилади. Очиқроқ айтадиган бўлсак, Навоий 40 ёшга тўлган чоғида ўзи учун бутун молу мулкидан фақат бир кишининг озуқаси ва кийим-бошига етарлисинигина олиб қолиб, қолган қисмини саховат йўлига сарфлашга васият қилади. Масалан, “Вақфия”да Навоий ўзига қарашли барча мулку молини, яъни еру сувлар, боғ ва узумзорлар, дўкон кабиларни бирма-бир санаб чиқади. Улардан келадиган даромадни тўлалигича мадраса, масжид, хонақоҳ, шифохоналарга вақф қилиб беради. У жойларда хизмат қилувчи ходимнинг ҳар бирига ойлик маош, егулик дон-дуннинг миқдорини ҳам аниқ белгилаб беради. Масалан, “Арбоби вазоиф” (вазифа эгалари) деб номланган қисмида мадрасада дарс берувчи икки мударриснинг ҳар бирига йиллик бир минг икки юз олтин нақд ва йигирма тўрт юк, унинг учдан бири арпа, учдан иккиси буғдой берилиши белгиланган. Ҳар ҳалқаи дарсда ўн бир толиби илм (талаба) бўлиб, жами йигирма икки толиби илмга, хусусан, олти аълочининг ҳар бирига ойлик йигирма тўрт олтин нақд ва йиллик беш юк буғдой; саккизта ўртача ўқувчига (асарда васат дейилган) ҳар бирига ўн олти олтин нақд, йиллик тўрт юк буғдой; саккиз нафар қуйи ўқувчига (асарда адно дейилган) ойлик ҳар бирига ўн икки олтин нақд ва йиллик уч юк ошлиқ бериб борилиши тайинланган. Шунингдек, рўза ойида, Рамазон ҳамда Қурбон ийди аввал кунлари ва кейинги кунлари, Рабиул-аввал ҳамда Ражаб ойларида, қишнинг қавс, жадий, далв, ҳут ойларида ҳар куни емакларнинг фуқароларга қилинадиган эҳсон миқдорлари белгиланган. Яна саккиз ой ҳар куни фақир кишилар учун ош-нон улашиб бориш кўрсатилган. Булардан ташқари яна бир қанча вазифалар ва қилинадиган амаллар айтиб ўтилади.
Навоий бу ҳужжатни қозилар тасдиғидан ўтказган. Айтилганларни бажариб боришни ўз яқинларидан тайинланган мутаваллига юклаган. Яна Навоий ёзадики, бу вақфия ҳужжати ҳар ўттиз йилда қайтадан оққа кўчирилишини, қозилар тасдиқлашини, кўрсатилган вазифалар бузилмай ижро этилишини қатъий белгилаб қўяди:
Бу қоидани кимки тузар, бор бўлсун,
Тенгри бори ҳолатда анга ёр бўлсун,
Ким бузса бузуқлуққа сазовор ўлсун,
Ҳақ лаънату қаҳриға гирифтор ўлсун.
Кўриб ўтилганидек, Навоий Ҳазратлари саховатпешаликда тенгсиз инсондир. Шу боис у буюк Навоий сифатида жаҳон аҳлини ҳануз лол қолдириб келмоқда. Ундан бугун ҳам ҳар биримиз ўрнак олсак арзийди.
Иброҳимжон ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари доктори, профессор