Кино соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Озарбайжон – Ўзбекистон
Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев билан учрашди.
Тадбирда Россия давлат кинематография институти Тошкент филиали директори Элдор Йўлдошев, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази директори, элчихона биринчи котиби Самир Аббосов ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорлик масаласи – хусусан, қўшма лойиҳалар амалга ошириш, тажриба алмашиш, ҳар йили ўтказиладиган Тошкент халқаро кинофестивалида Озарбайжон томонининг кенг иштироки муҳокама қилинди.
Ф.Абдухолиқов дастлаб Озарбайжон билан ҳамкорликка доимо алоҳида аҳамият берилишини таъкидлаб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

2021 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан "Тинчлик, маърифат ва тараққиёт йўлида" шиори остида 1968 йилдан буён ўтказиб келинган ва маълум муддат тўҳтаб қолган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланганини таъкидлади. "Ипак йўли дурдонаси" дея янгидан номланган анжуманда 2022 йил 400 нафар кинематограф, 1500 дан зиёд хорижий талаба иштирок этгани, 2023 йил ХV юбилей тадбирини янада кенг миқёсда ташкил этиш режалаштирилгани қайд этилди. Мутахассис ҳамкорлик ривожига тўхталаркан, Ўзбекистонда Озарбайжон киноси кунлари, Озарбайжонда эса ўзбек киноси кунлари муваффақиятли ўтгани, келажакда янада яқин ҳамкорлик учун яхши имконият мавжудлигини билдирди. Икки мамлакат киночилари ўртасидаги алоқа узоқ тарихга эгалиги, сўнгги йилларда шериклик жадал ривожланаётгани эътироф этилди.

Гусейн Гулиев самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқот туфайли Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик ва кўп қиррали ҳамкорлиги барча йўналишларда чуқурлашиб бораётгани, давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, имзоланган кўплаб ҳужжатлар бунинг учун ажойиб замин яратаётганига урғу берди. Жумладан, кино соҳасида эришилган умумий ютуқларни юқори баҳолади. Элчи яратилган имкониятдан кенг фойдаланиш мақсадида келгусида элчихона қўшма лойиҳаларни изчил қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Томонлар Озарбайжон кинематографларининг шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ХV Халқаро Тошкент кинофестивалидаги иштироки, тақдим этиладиган Озарбайжон фильмлари дубляжи, ретро фильмларимиз намойиши масалалари кўриб чиқилди, фестиваль доирасида "Озарбайжон киноси кунлари"ни ўтказиш, ўзаро намойишни таъминлашга келишиб олинди. Икки мамлакат телеканалларида бадиий фильмларни алмашиш, ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш, Бокуда "Ўзбек киноси кунлари"ни ташкил этиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш, шунингдек, фильмларни суратга олишни қўллаб-қувватлаш ўзаро маъқулланди. Ўтган йил Бокуда бўлиб ўтган "Ўзбек киноси кунлари"да намойиш этилган "Абадий дўстлик ва биродарлик" ҳужжатли фильмининг иккинчи қисмини биргаликда суратга олиш режаси тузилди.
Учрашув якунида Фирдавс Абдухолиқов Гусейн Гулиевга "Ўзбекистон кинематографияси" китобини, Элчи эса, ўз навбатида, Агентлик директорига "Қорабоғ ишғолдан олдин ва кейин" асарини совға қилди.
Меҳмонлар учун “Ўзбекфильм” павилонлари бўйлаб махсус экскурсия ташкил этилди. Меҳмонлар мажмуада сўнгги йилларда яратилган шароитлар, хусусан, турли фильмларни суратга олишда фойдаланиладиган безак ва жиҳозлар билан танишди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА