Кимё саноатида ҳамкорлик ва инвестиция муҳити кенгаймоқда
"Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув доирасида кимё саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳанинг инвестиция салоҳияти ҳамда янги ишлаб чиқариш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди.
Унда бошқарув раиси ўз нутқида саноатини ривожлантиришда инвестицияларни жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳудудларда янги саноат қувватларини шакллантириш ва ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш орқали тармоқ рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Айтиш жоизки, тадбир иштирокчилари учун мавжуд имкониятлар, саноат кооперациясини кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашиш учун амалий мулоқот майдони яратилди. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлар саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар муҳокама марказида бўлди.

Шу нуқтаи назардан, учрашув чоғида замонавий саноат инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш кооперациясини янада кенгайтиришга қаратилган амалий таклифлар муҳокама қилинди.
Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар технопарк ҳудудида яратилган шарт-шароитлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда резидент корхоналар фаолияти билан танишди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА