Кимё саноати: умумий қиймати 36,5 миллион АҚШ долларлик 8 та янги лойиҳа ишга туширилди
Ўзбекистонда саноат ва инновация соҳасидаги янгиланишлар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар амалиётда ҳам самара бермоқда. Шу мақсадда, "Ўзкимёсаноат" АЖ матбуот хизмати ОАВ вакиллари учун Чирчиқ кимё индустриал технопаркида пресс-тур ташкил этди.
Тадбир давомида журналистлар технопаркда амалга оширилаётган саноат лойиҳалари билан яқиндан танишиб, резидент корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ва улар учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот олди.

Журналистлар кўздан кечирган корхоналар орасида кўпиклантирилган полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Rhodium Polymer" МЧЖ ҚК, маиший ва автомобиль кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи "BCG GROUP OZ" МЧЖ ХК, шовқин ва иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Стандартпласт СА" МЧЖ ХК бор. Шунингдек, бир марталик тиббий кийим ва тўшак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "Здравмедтех Азия" МЧЖ ХК, профессионал овоз жиҳозларини ишлаб чиқарувчи "DHMT GLOBAL" МЧЖ ва автомобиль кондиционерлари учун шланг ва трубкалар ишлаб чиқарувчи "ИОТА" МЧЖ ХК ҳам уларнинг эътиборида бўлди.

Мутахассислар маълум қилишича, Чирчиқ кимё индустриал технопаркида маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда. Резидент корхоналар замонавий технологиялардан фойдаланиб, юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 2025 йилда технопаркда умумий қиймати 36,5 миллион АҚШ долларлик 8 та янги лойиҳа ишга туширилди. Бу лойиҳалар натижасида 312 нафар янги иш ўрни яратилди ва маҳаллий саноатда мустаҳкам асос яратилди. Шу кунга қадар резидентлар томонидан умумий қиймати 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди ва 954 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Технопарк фаолияти маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тақдим этиш ҳамда хорижий бозорларда рақобатбардошликни оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, технопаркда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида жорий йил Тошкент кимё-технология институти билан ҳамкорликда "Интеллектуал кимё-технология тизимлари" илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди. Бу ерда магистр босқичидаги талабалар учун кимёвий технология, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда кимёвий технологик жараёнлар ва аппаратлар мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга технопарк вакиллари томонидан батафсил жавоб берилди.
Н.Зиёдуллева, ЎзА