Кимё маҳсулотлари импорти ошиб, йилига 4,5 миллиард долларни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Қайд этилганидек, тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимёда бу 3 фоизга ҳам етмаётгани, кимё маҳсулотлари импорти ошиб, йилига 4,5 миллиард долларни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўзимизда чиқариладиган кимёвий маҳсулотлар ички талабнинг 60 фоизини ҳам қопламаётгани, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмаётгани, кимё саноатида битта ишчига тўғри келадиган қўшилган қиймат бошқа давлатлардан 2-3 карра камлиги қайд этилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан бандлиги, соҳада 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш жараёни сустлиги танқид қилинди.
Шу боис, давлатимиз раҳбари бугун кимё саноати корхоналари вакиллари билан шахсан учрашиб, соҳадаги масалаларни муҳокама қилиб олишга қарор қилганини айтди.
ЎзА