Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша
Мамлакатимизда "Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша" шиори остида ватанпарварлик ойлиги бошланди ва у янги йилнинг 15 январига қадар давом этади.
Қарши халқаро аэропортида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими билан ҳамкорликда мазкур ойлик доирасида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Ўсиб кeлаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат кeлажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга қаратилган тадбирда Қарши шаҳридаги мактаблар ҳамда академик лицейлар ўқувчилари иштирок этди.

Уларга дастлаб аэропортда бўлиш қоидалари тушунтирилди. Аэровокзал хавфсизлиги текширувидан ўтиш, чипаталарни расмийлаштириш, юкларни божхона назоратига топшириш, ҳудудга кириб келиш ва чиқишда жорий этилган “яшил” ва “қизил” йўлак тизимининг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг ёшлар чегара хизмати ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишларини кузатдилар, ҳарбий қурол-аслаҳаларни кўздан кечирдилар, аэродром ва самолётларга хизмат кўрсатувчи махсус техникалар билан яқиндан танишиб, бир олам завқ олдилар.

Бу каби тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Ў.БАРОТОВ,ЎзА