Ким ҳақ эканлигини исботлаш осонлашди
Фарғона вилоятидаги барча йўл-патруль хизмати инспекторлари махсус камералар билан таъминланган бўлиб, бу уларнинг самарали фаолият олиб боришида муҳим ўрин тутмоқда. Камералар ҳар бир ҳолатни ошкора, рўйи рост кўрсатиб бермоқда.
Яқинда Қўштепа туманида йўл-патруль хизматининг инспектори фаолиятига тўсқинлик ҳолати рўй берди. Унинг боди камераси кўрилганда, ҳақиқатдан бир гуруҳ фуқаролар ходимнинг хизматига қаршилик кўрсатиб, ҳатто уйига олиб кириб, дўппослашгача боришганлиги маълум бўлди. Ҳозирда дастлабки тергов суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳар бир боди камеранинг ҳудудларда сервер қурилмалари бор. Ундаги тасвирлар албатта, сақланади ҳамда инспекторларнинг фаолияти мунтазам таҳлил қилиб борилади. Жорий йилнинг ўтган даврида боди камералар орқали фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлган ва бошқа ҳолатлар аниқланиб, 47 нафар йўл-патруль инспекторига интизомий жазо қўлланилди.
Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақида айтиб ўтилди. Унда вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, камчилик ва муаммолар хусусида сўз юритилди.

Президентимиз раислигида жорий йил 11 февраль куни ўтказилган йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида йўл-транспорт ҳодисалари чуқур таҳлил этилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунда вилоятда бу борада муайян ишлар олиб борилмоқда. Йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий концепция тайёрланди. Шунингдек, тизимни рақамлаштириш амалга оширилмоқда, йўл инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўриляпти.
Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги 67 та чорраҳа, 61 та тўғри йўл участкасида қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видеофиксация қурилмаларининг ўрнатилиши якунланмоқда. Туркиянинг илғор тажрибалари ўрганилиб, тадбиқ этилмоқда. 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 116 та янги йўл белгилари ўрнатилиб, 9 минг 609 та эскирган йўл белгиси алмаштирилди, 105 та жойда светофор қурилмалари ўрнатилди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ташкилий бўлим бошлиғи Ҳаётжон Абдуллаевнинг айтишича, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан жорий йилнинг ўтган даврида 240 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган. Ташвишланарлиси, пиёдалар иштирокидаги кўнгилсиз ҳолатлар кўп учрамоқда.
Матбуот анжуманида масъуллар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги долзарб вазифалар ҳақида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларига соҳа матасаддилари томонидан батафсил жавоб берилди.

М.Сулаймонов, ЎзА