Килва султонлари ҳақида китоб чоп этилди
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Шаржа ҳукмдори ва Олий Кенгаш аъзоси шайх Султон бин Муҳаммад Ал-Қосимийнинг “Килва султонлари таржимаи ҳоли” романи нашр этилди. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги хабар берди.
Асарда Килва ороли султонларининг ҳаёти, уларнинг Африкага кўчиб ўтиши сабаби, турли воқеалар, ҳукмронлик давридаги синов ва мусибатлар ҳикоя қилинади. Тарихдан маълумки, Килва маркази шу номли орол (замонавий Танзанияда)да жойлашган ўрта аср давлати бўлиб, қудратли султонлик гуллаб-яшнаган даврида бутун Суахили қирғоқларини қамраб олган. Бу юртга Х асрда шерозлик форс шаҳзодаси Али ибн Ал-Ҳасан Шерозий асос солган.
114 бетли роман ўн бир боб ва илова - Килва султонларининг насл-насаб занжири ҳамда ўнлаб арабий ва хорижий манба, маълумотлардан иборат.
Муаллиф текшириш ва изланиш натижасида Килох тарихига оид асрлар давомида шаклланган чалкашликларни бартараф этишга ва ҳал қилишга муваффақ бўлди. Мазкур тадқиқот “Килва тарихидаги Салва китоби” номли қўлёзмага асосланган.
– Шарқий Африка тарихини ёзиш асносида дастлаб Лондон кутубхонасидан қўлёзманинг фото нусхасини олдим, – дейди шайх Султон бин Муҳаммад Ал-Қосимий. – Қўлланмани ўрганиш билан бир қаторда араб ва чет эл тарихчилари томонидан ушбу қўлёзма ҳақида ёзилган кўп маълумотларни тўпладим. “Китоб ал Салва фи тарихи Килва”нинг муаллифи номаълум. Унинг фақат туғилган санаси - 904 йил Шаввол ойининг иккинчи душанбаси эслаб ўтилган. Ушбу қадимий манба Абдуллоҳ ибн Мусабоҳ Ас-Савафий томонидан 1877 йил ҳукмронлик қилган Барғаш ибн Саид ибн Султон буйруғи билан кўчирилган. Ўн бобидан уч боби йўқ. Мен ўша қисмини португалча ҳужжатлардан фойдаланиб тўлдирдим.
Шаржа ҳукмдорининг тарих, театр, адабиёт соҳаларига бағишланган жами 76 китоби нашр қилинган, бу асарларнинг аксарияти 20 дан зиёд хорижий тилга таржима қилинган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА