"Кичиккина" муаммо ёхуд Андижон халқаро аэропортидаги ўзгаришлар ҳудуд аҳлига нима беради?
Президент ташрифидан сўнг...
Тасаввур қила олиш ёқимли жараёнда. Келинг, шу имкониятимизни ишга соламиз.
Бир ҳудуд бор. Табиати жуда гўзал, одамлари меҳмондўст. Бориб кўрадиган тарихий ва табиий масканлари жуда ҳам кўп. Чет эллик инвесторлар ҳам бу ерга пул тикиб, янги лойиҳалар бошлашни истайди. Лекин бир “кичиккина” масала бор: ўша ҳудуднинг аэропорти талаб даражасида эмас.
Хўш, шундай ҳолатда нима содир бўлади? Келинг, буни оддий мисолларда кўриб чиқамиз.
Инвесторлар ҳар бир дақиқасини қадрлайди. Агар самолётлар ўз вақтида қўнмаса, хизмат кўрсатиш паст бўлса ёки аэропорт каттароқ самолётларни қабул қилолмаса, ишлар тўхтаб қолади. Бундай вазиятда сармоядорлар қулай шароит излаб бошқа ҳудудга кетади.
Табиат қанчалик жозибали бўлмасин, йўл азоби одамни чарчатади. Агар сайёҳлар узоқ вақт йўл юриб, талабга жавоб бермайдиган аэропортда қийналсалар, улар бу ерга иккинчи марта қайтиб келмайдилар. Оқибатда меҳмонхоналар, кафелар ва гидларнинг даромади пасайиб кетади.
Шунинг учун ҳам мутахассислар замонавий ва қулай аэропортни оддийгина самолётлар учиб, қўнадиган жой деб атамайдилар. У ҳудуднинг юзи, иқтисодиётининг юраги ва ривожланиш эшиги саналади. Агар шу эшик очиқ ва кенг бўлса, ҳудудга ҳам барака, ҳам фаровонлик кириб келади.
Тасаввуримизни бежиз ишга солмадик. Сабаби, бугун Андижон халқаро аэропортидаги ўзгаришлар ҳақида ёзамиз.
Бу аэропорт 1978 йилда қурилган. Орадан йиллар ўтиб, 2013 йилда унга халқаро мақом берилди. Бироқ вақт ўтиши билан вазият ўзгарди. Эскирган инфратузилма замон талабларига, ортиб бораётган йўловчилар оқимига ва йирик ҳаво кемаларига жавоб беролмай қолди. Шу сабабли аэропортни тубдан қайта қуриш ва модернизация қилиш зарурати туғилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириқлар ва кўрсатилган юксак эътибор натижасида мазкур ҳаво бандаргоҳида улкан бунёдкорлик ишлари бошланди. Аэропорт аэродром мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 1,1 триллион сўмни ташкил этади. Бу ишларни аслида аэропортни қайтадан барпо этиш дейиш тўғрироқ бўлади.
Биринчи босқичда учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилди. Унинг кенглиги 60 метрни ташкил этади. Эндиликда у юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган 4E тоифасига эга. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 10 та ҳаво кемасига хизмат кўрсата оладиган тўхташ жойлари ва руллаш йўлаклари барпо этилди.
Инфратузилманинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилди. Учиш-қўниш йўлагига 50 йилгача хизмат қилишга мўлжалланган сифатли цемент-бетон қопламаси ётқизилди. Германиядан келтирилган юқори аниқликдаги ёритиш-сигнал тизимлари ўрнатилди. Бу тизим тунги вақтда ва ҳатто қуюқ туман шароитида ҳам самолётларни бехатар қабул қилиш имконини беради. Кўриш масофаси 300 метргача қисқарганда ҳам ҳаво кемалари хавфсиз қўна олади. Бу кўрсаткич илгари андижонликлар учун ушалмас орзу эди.
Дунё тажрибасига назар ташласак, замонавий ва кенг имкониятли аэропортлар ҳудудлар иқтисодиётини кескин ўзгартириб юборишига гувоҳ бўламиз. Масалан, Туркиянинг Анталия ёки БААнинг Шаржа шаҳарларидаги аэропортлар ривожланиши ортидан маҳаллий туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси бир неча баробарга ўсган. Чет элдан келаётган тўғридан-тўғри рейслар ҳудудга миллионлаб долларлик инвестиция ва сайёҳларни жалб қилади.
Андижон аэропортида амалга оширилаётган реконструкциянинг иккинчи босқичи ҳам айнан шундай кенг кўламли мақсадларга қаратилган. Ҳозирда майдони 19,6 минг квадрат метр бўлган икки қаватли замонавий терминал биноси қурилмоқда.
– Бу аэропорт қурилиши ҳам шахсан давлатимиз раҳбари эътиборида, – дейди “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев. – Бу фикримизнинг асосини Президентимизнинг сентябрь ойидаги Андижон вилоятига ташрифи айнан мазкур объектда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланганида ҳам кўришимиз мумкин. Илгари бу аэропорт соатига бор-йўғи 200 нафар йўловчига хизмат кўрсата оларди. Янги терминал ишга тушгач, бу кўрсаткич беш баробар ошади ва соатига 1 000 нафар йўловчини қабул қилиш имкони яратилади. Ҳудудда юқори тезликдаги Wi-Fi тармоғи ва замонавий рақамли хизматлар жорий этилади. Бу эса йўловчиларнинг вақтини тежайди ва уларга юқори даражадаги қулайлик яратади. Бугунги кунда Андижон халқаро аэропорти орқали маҳаллий ва халқаро йўналишларда еттита авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. Келгусида йиллик авиарейслар сонини 808 тадан 2 500 тагача ошириш режалаштирилган. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш имконияти эса йилига 3,5 миллион нафарга етказилади.

Дарҳақиқат, бу янгиланишлар оддий андижонликларга, вилоят иқтисодиётига ва сайёҳларга нима беради?
Аввало, андижонликлар ва қўшни вилоятлар аҳолиси учун дунё бўйлаб саёҳат қилиш ёки хориждаги яқинлари билан боғланиш анча енгиллашади. Энди пойтахтга ёки бошқа қўшни аэропортларга бориб юришга ҳожат қолмайди. Кенг фюзеляжли йирик самолётларнинг тўғридан-тўғри Андижонга қўниши парвоз чипталари нархининг мақбуллашишига ҳам олиб келади.
Шунингдек, туризм ва бизнес соҳаси янги босқичга кўтарилади. Водийнинг хушманзара табиати, қадимий қадамжолари ва ҳунармандчилик мактаби хорижлик сайёҳларни ҳамиша ўзига жалб қилиб келган. Тўғридан-тўғри рейсларнинг кўпайиши сайёҳлар оқимини кескин оширади.
Яна бир муҳим томони, вилоят иқтисодиёти янада гуллайди. Аэропорт атрофида янги меҳмонхоналар, ресторанлар, логистика марказлари ва сервис объектлари барпо этилади. Бу эса юзлаб янги иш ўринлари демакдир. Маҳаллий маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги товарларини хориж бозорларига тезкор ва ўз вақтида етказиб бериш имконияти ҳам кенгаяди.
Мақоламиз аввалида “кичиккина” бир масала ҳақида сўз юритган эдик. Замонавий дунёда вақт ва қулайлик ҳамма нарсани ҳал қилади. Баъзида арзимасдек туюлган бу муаммо ҳал этилмаганда эди бутун бир вилоятнинг улкан иқтисодий ва туристик салоҳияти очилмай қолаверар эди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси