Кичик саноат зоналари фаолияти ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоят секторлари раҳбарлари иштирокида кичик саноат зоналари фаолиятини ўрганди.
Дастлаб Давлатобод туманидаги “Ёшлар” кичик саноат зонасида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Унда вилоят раҳбари Наманган тажрибаси сифатида эътироф этилган кичик саноат зоналари имкониятларидан унумли фойдаланиш масаласига эътибор қаратди.
Худди шундай йиғилиш “Кушон” кичик саноат зонасида ҳам бўлиб ўтди.
Ўрганиш олиб борилган Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонасида 22 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, шулардан 19 таси фаолият олиб бормоқда. 3 та лойиҳа ҳали ишга тушмаган.
“Баркамол авлод” кичик саноат зонасида эса 47 та лойиҳадан 18 таси ҳали фаолиятини бошламади. Шунинг ҳисобига 1770 та янги иш ўрни яратилгани йўқ.
Вилоят ҳокими томонидан ҳар икки зонада тадбиркорлар иштирокида ўтказилган таҳлилий-танқидий руҳдаги йиғилишларда ҳолат атрофлича муҳокама қилинди. Янги лойиҳалар тезроқ ишга тушса, бандлик қамрови ҳам кенгайиши таъкидланди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари Янги Наманган туманидаги “Тараққиёт” кичик саноат зонасида давом эттирилди.
Мебелчиликка ихтисослашган мазкур ҳудудда режалаштирилаётган 31 та лойиҳадан ҳали 29 таси амалга ошгани йўқ. Биттаси истиқболсиз, деб топилган. Қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Вилоят раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда ҳар бир лойиҳани атрофлича муҳокама қилиб, жараённи тезлатиш лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, Уйчи туманидаги “Ёркатай” кичик саноат зонасига борилди. Бу ерда ҳам режалаштирилган 25 та лойиҳадан 15 таси рўёбга чиқди, холос. Қолган тадбиркорлар турли баҳоналар билан ишни ортга сурмоқда.
Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан мулоқотда ушбу саъй-ҳаракатлар, лойиҳалардан мақсад, энг аввало, аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, хорижда кам даромад топиб, сарсон юрган юртдошларимиз учун иш ўринлари яратишдан иборат эканлигини тушунтирди.
[gallery-16769]
Уйчи туманидаги “Қумтепа” кичик саноат зонасида ўтказилган якуний мулоқотда вилоят раҳбари янги иш ўринлари яратиш орқали бандликни таъминлаш, вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Вилоят раҳбари тадбиркорларнинг муаммоларини тинглади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрди. Хусусан, тадбиркорларнинг кредит масаласидаги мурожаатлари шу жойнинг ўзида ҳал этилди, ҳоким банк мутасаддиларига бу борада тегишли топшириқлар берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА