Кичик саноат хонадонларга кириб бормоқда
Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Зафар Мустафақуловнинг мазкур қарор юзасидан фикрларига қизиқдик.
– Бугунги ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилмоқда, – дея фикрини бошлайди Зафар Мустафақулов.
Президентимизнинг «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади.
Шунингдек, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.
Маълумки, юртимизда кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлаш бўйича кенг лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан қарорга кўра, айни соҳани қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар билан бир қаторда, 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бундан мустасно.
Шунингдек, мазкур йўналишда музлаткичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.
Аҳоли орасида ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳам алоҳида имкониятлар ҳам айни қарорда ўз тасдиғини топмоқда. Жумладан бундай шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига хонадонларда биогумус тайёрлаш фаолияти киритилади.
2024 йилда12 та йўналишда туманларни экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ва 43 та туман экспортбоп экинлар етиштиришга ихтисослаштирилади ва 10 тадан экспортёрлар бириктирилади.
Бу ишлар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси билан бирга амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бу йўналишдаги мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонларида қишлоқ хўжалиги корхоналарининг, томорқа ер эгаларининг билим ва кўникмаларини ошириб боради.
Қайд этиш лозим бўлган яна бир жиҳат — 2024 йил якунига қадар мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу музлаткичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехларини аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2024 йилда аҳоли томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаги), такрорий (ўртанги) ва тўқсонбости усулида экинлар экиш, жумладан, 252 минг гектар майдонга уч марта ҳосил олиш прогноз қилинмоқда.
Маълумки, аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида «Томорқа хизмати ЯТТ» тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга рухсат берилди. Эндиликда, «Томорқа хизмати» ЯТТлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фаолият турлари бўйича беш нафаргача ходимларни ёллаши, иш билан таъминлаши мумкин.
Бу йўналишда замонавий технологиялар имкониятларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган бўлиб, «Online-mahalla» электрон платформасида алоҳида «Аҳоли томорқаси» модули яратилган.
Ҳоким ёрдамчилари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иссиқхоналар ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни ҳар олти ойда унга киритиб боради.
Ўзбекистон замини кўплаб соҳалар каби чорвачилик, балиқчилик ва бошқа кўплаб йўналишлар учун қулай бўлгани боис қарорга асосан, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш ва «дала дўконлари»ни қуриш учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кридетлар берилиши назарда тутилган.
Боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш, бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредитлар тақдим этилади.
– Шу ўринда савол туғилади: аграр соҳага технологияларни жалб қилиш бўйича қандай имтиёзлар берилмоқда?
– Дарҳақиқат, қарор билан мамлакатимизга олиб кирилаётган мотокултиваторлар, бир ўқли тракторлар ва минитракторлар учун божхона божи ундирилмайдиган бўлди. Шунингдек, 2027 йил 1 январга қадар мотокултиваторлар, бир ўқли тракторлар ва минитракторларни олиб киришда божхона божининг ноль ставкалари белгиланди.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА