Кичик бизнеснинг ишончли ҳамкори
Миллий матбуот марказида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар миллий иқтисодиётнинг изчил ўсиши ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Йил бошидан буён «Агробанк» томонидан кичик бизнес субъектларига 666 миллиард 700 миллион сўмлик кредитлар ажратилди.
Томорқалардан самарали фойдаланган ҳолда тадбиркорлик қилиш имконияти бўлган хонадонлар ўрганилиб, 54 мингдан зиёд оила вакилларига 323 миллиард 200 миллион сўмлик кредит ажратилди. Натижада 54 мингдан ортиқ аҳоли учун иш ўринлари яратишга кўмаклашилди.
Ёшлар бандлиги, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес режаларини молиялаштириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган даврда 20 миллиард сўмликдан зиёд кредитлар ана шу мақсадга йўналтирилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг муҳим йўналишини ривожлантиришга ҳисса қўшди.
– Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани инобатга олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда, – дейди “Агробанк” бошқарма бошлиғи Карим Исматов. – Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур тармоқни ривожлантиришга 382 миллиард сўмлик кредитлар йўналтирилган бўлса, йил якунига қадар яна 540 миллиард сўмлик молиявий ресурслар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига банк мутахассислари жавоб қайтарди.