Кибержиноятчиликка қарши жавоб
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг анъанавий усуллари жиноят содир бўлган жойга ташриф буюриш ёки жабрланувчи билан мулоқот қилиш керак бўлмаган кибержиноятчиларга қарши мутлақо фойдасиздир. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясиясида ўтказилган “Cybersecurity and New Technologies” халқаро семинарда шу ҳақида сўз борди.
Тадбирда Мўғулистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистондан келган 40 дан ортиқ мутахассислар, шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва Интерпол вакиллари йиғилиб, Интернет тармоғидан фойдаланишга асосланган террористик фаолият хавфини баҳолади.
Семинар БМТнинг Контртеррористик маркази, Терроризмга қарши кураш бошқармаси томонидан Жиноят қидирув полициясининг халқаро ташкилоти (Интерпол) билан ҳамкорликда уларнинг “CT TECH” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамовнинг сўзларига кўра, терроризм ўзининг барча шакл ва кўринишларида жаҳон ҳамжамияти учун энг жиддий таҳдидлардан бири ҳисобланиб, глобал барқарорликка путур етказади, шунинг учун унга қарши кураш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг устувор вазифаси бўлиб қолаверади. 2021 йилда кибержиноят келтирган дунё миқёсидаги зиён 8,5 триллион АҚШ долларни ташкил этди. Компьютер орқали амалга ошириладиган товламачилик жиноятларининг глобал ҳаражатлари келгуси беш йил ичида ҳар йили 23 фоизга ўсиши башорат қилинмоқда.
2020 йилнинг октябрь ойида БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси томонидан “йўл харитаси” имзоланган бўлиб, унда мазкур тадбирни ўтказиш белгиланган. Тадбир доирасида иштирок этувчи мутахассислар Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашда виртуал тармоқни яратиш истиқболларини муҳокама қилади, терроризмга қарши курашда жавоб берувчи миллий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қўлланилаётган илғор тажрибалар билан танишади. Бу ерда террорчилар томонидан янги технологиялар қўлланишига қарши курашнинг самарали усуллари тақдим этилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним эзгулик йўлида фойдаланиш мумкин бўлган технологиялар ва компьютерлардан террорчилар ҳам фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади. Шу сабабли тажриба алмашиш ва Интернет тармоғидаги жиноий фаолиятга қарши кураш учун зарур бўлган энг яхши амалий кўникмаларни ўрганиб олиш лозим.
“Cybersecurity and New Technologies” семинари шу йилнинг 26 сентябрь куни якунланади.
Роман Бондарчук, ЎзА