Кибер жиноятчилик: Муаммонинг ечими нимада? (+видео)
Банк карталари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида рақамли иммунитетни шакллантириш, шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 3 февральдаги “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 117-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 февраль кунидан бошлаб 10 кун давомида Тошкент шаҳрининг банк карталари билан боғлиқ мурожаатлар энг юқори бўлган Олмазор, Юнусобод ва Чилонзор туманларида кибер жиноятларга қарши курашиш бўйича “Cyber 10 day” тарғибот тадбирларига старт берилган эди.
Aна шундай ташвиқот тадбирларидан бири куни кеча Юнусобод туманида жойлашган ТAТУ қошидаги академик лицейида ҳам ўтказилди. Унда ИИВ тизимидаги Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари, маҳалла ва лицей ёшлари иштирок этишди. Йиғилиш ташкилотчилари аҳоли ўртасида банк карта бошқарувини тасдиқловчи кодни ошкор этиш орқали пул маблағлари талон-тарож қилиниши, шахсий маълумотларни интернет тармоғи орқали бегона шахсларга тақдим этиш оқибатида юзага келаётган муаммолар, ҳамда глобал тармоқ орқали содир этилаётган бошқа жиноятларнинг оғир оқибатларидан хабардор қилишга қаратилган тушунтиришлар берди.

-Жиноятни фош қилишдан кўра, уни олдини олган маъқул, -дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Бобур Усмонов. – Худди шу мақсадда кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи, ҳамда кибержиноятлардан огоҳ бўлишга қаратилган инновацион ёндашув асосида маҳалла, катта ёшдаги аҳоли вакиллари ва блогерлар ўртасида "Энг яхши маҳалла", "Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман", "Энг яхши контент", "Энг яхши монолог" каби танловлар ҳам ўтказяпмиз. Ниятимиз аҳолининг кибержиноятларга қарши иммунитетини ошириш, интернет тармоқларидаги фирибгарларнинг алдовига осонгина чув тушмаслик ҳолатларининг олдини олишдан иборат.
Аҳолини янада огоҳликка чақириш мақсадида ушбу тарғибот тадбирлари маҳаллабай, хонадонбай ва фуқаробай шаклда аҳолининг ҳар бир қатлами ўртасида олиб борилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-5pjPz53M7Q" title="Кибер жиноятчилик: Муаммонинг ечими нимада?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА