Хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда
Навоий вилоятида 2015 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қуввватлаш учун тижорат банклари томонидан 45 миллиард 900 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. Натижада тадбиркор аёллар сони 4 минг 150 дан ошди.
Навоий вилоятида 2015 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қуввватлаш учун тижорат банклари томонидан 45 миллиард 900 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. Натижада тадбиркор аёллар сони 4 минг 150 дан ошди.Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган аёллар, оилавий тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Бу борада вилоят хотин-қизлар қўмитаси, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жойларда “Ўз бизнесингни йўлга қўй”, “Аёл тадбиркор бўлса – оила фаровон бўлади” мавзуларида ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар яхши самара бермоқда.
Вилоятда тикувчилик, тўқимачилик, қандолатчилик, паррандачилик каби йўналишларда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони ортаётир. Нурота, Қизилтепа, Хатирчи туманлари аёллари, айниқса, миллий ҳунармандлик соҳасида улкан самараларга эришмоқда.
Қизилтепа туманидаги тадбиркор Зебо Рустамова “Асадбек зиё нур” хусусий корхонасини ташкил этиб, 30 дан ортиқ коллеж битирувчиси ва хотин-қизни иш билан таъминлади.
– Президентимиз раҳнамолигида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибордан руҳланиб иш бошладик ва кам бўлмадик, – дейди З.Рустамова. – Ишлаб чиқараётган адрас ва каштачилик маҳсулотларимиз қисқа муддатда бозордан ўз харидорини топганидан хурсандмиз. Келгусида экспортни йўлга қўйишни ҳам режалаштирганмиз.
Вилоятда касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014-2015 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган 7 минг 359 нафар қизнинг 800 дан ортиғи тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Уларни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан қарийб 8 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан битирувчи қизларнинг бизнес лойиҳаларига молиявий кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар мутахассислари билан мулоқотлар ташкил этилиб, кредит олиш ва кредит ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан атрофлича маълумотлар берилмоқда.