Хотин-қизлар байрами кенг нишонланмоқда
Аёл заковати жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини оқилалик билан ҳал эта олишга қодир кучдир.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Аёл заковати жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини оқилалик билан ҳал эта олишга қодир кучдир.

Айниқса, Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам.
Тошкент туманида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида бу алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда Тошкент вилоятининг иқтисодиёт, саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларида, жамоат ташкилотларида самарали фаолият юритиб келаётган фаол аёллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Айни пайтда вилоятда 8 минг 300 нафарга яқин тадбиркор аёл фаолият юритмоқда. Биргина ўтган 2019 йилда 1 минг 778 нафар хотин-қизга 139,2 миллиард сўм кредит ажратилди.
Шу билан бирга, вилоятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш мақсадида “Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси”, “Ибратли оила” танловлари, шунингдек, “Қайноналар анжумани”, “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши фаол акция”, “Хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги”, “Ёш оилалар ва қизлар” каби қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ўз навбатида, 2019 йил мобайнида 283 нафар ногиронлиги бўлган, меҳнатга лаёқати чекланган хотин-қизлар ва уларнинг оилалари уй-жой ва маиший жиҳозлар билан таъминланди.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароитларга эга арзон уй-жойлар бериш бўйича 180 нафар хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг барчасига Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан арзон уйлар учун бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, 440 нафар ногиронлиги бўлган аёл касаначилик асосида иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, 24 минг 184 нафар опа-сингилларимиз иқтисодиётнинг турли тармоқларига ишга жойлаштирилди. 1 минг 200 нафардан зиёд оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан дастур ишлаб чиқилиб, ушбу дастурга асосан барчасининг бандлиги таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Бу йил ҳам ушбу нишонга Тошкент вилоятидан 24 нафар фаол хотин-қиз муносиб кўрилди.
Тадбирда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматов ўз эгаларига тантанали топширди.