Ходимларни бошқаришнинг замонавий усуллари
Пойтахтимизда инсон ресурслари соҳасида инновация ва ахборот технологияларига бағишланган анжуман бошланди.
Пойтахтимизда инсон ресурслари соҳасида инновация ва ахборот технологияларига бағишланган анжуман бошланди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «DaVinci Solutions» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда акциядорлик жамиятлари раҳбар ва мутахассислари, бизнес-консультантлар, чет эллик экспертлар иштирок этмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, бизнесни бошқаришнинг замонавий усуллари амалиётга кенг жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотларда янги даврни бошлаб берди.
Мамлакатимизда замонавий корпоратив бошқарув тизими талабларини инобатга олган ҳолда Лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бу раҳбарлик лавозимларига пухта билимга эга бўлган, замонавий менежмент ва маркетинг усулларини амалда қўллай оладиган ёш мутахассислар тайинланишига замин яратмоқда.
– Инсон ресурсларидан оқилона фойдаланиш муваффақиятли бизнеснинг муҳим шартидир, – дейди «DaVinci Solutions» компанияси бошқарув ҳамкори Ҳилола Сулаймонова. – Мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароит бугунги кунга келиб тадбиркорларимиз олдига кадрларни саралаш ва уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланишга катта масъулият билан ёндашиш вазифасини қўймоқда. Шу боис ходимни топишдан унинг салоҳиятидан унумли фойдаланишгача бўлган жараёнларни ўзида қамраб олган ушбу соҳага талаб тобора ўсиб бормоқда.
Анжуманда қатор етакчи хорижий компаниялар мутахассис ҳамда таҳлилчилари томонидан кадрларни бошқариш соҳасида тўпланган илғор чет эл тажрибаси ҳамда инновацион ишланмалар тақдимотлари ўтказилади. Шунингдек, рекрутёрлар, ходимлар билан ишловчи менежерлар ҳамда бизнес эгалари учун маҳорат дарслари ташкил қилинади.