Хизмат кўрсатиш салмоғи ортмоқда
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Президентимизнинг 2012 йил 10 майдаги «2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги ва 2013 йил 17 апрелдаги «2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
2011 йилда ялпи ички маҳсулотда соҳанинг улуши 50,5 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 54,5 фоизга етди. Иш билан банд бўлган аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ушбу соҳада фаолият кўрсатмоқда.
80 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти алоқа, ахборотлаштириш, молия, соғлиқни сақлаш, транспорт, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишларда хизмат кўрсатмоқда. 2200 кичик корхона хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган имтиёзлардан фойдаланмоқда.
2012-2015 йилларда хизмат кўрсатиш корхоналарига 4 триллион 167 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилган. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ 51,9 мингта лойиҳа амалга оширилган.
Қишлоқ жойларда ҳамда намунавий лойиҳалар асосида қурилган аҳоли массивларида хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича 2013-2015 йиллар мобайнида қарийб 22 мингта лойиҳа ишга туширилган.
Касб-ҳунар коллежларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси бўйича ўқув йўналишларида минглаб йигит-қизлар таҳсил олмоқда. Жумладан, меҳмонхона иши, компьютерда дастурлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва маиший хизмат кўрсатиш йўналишлари қишлоқ жойларида соҳани ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Хизмат кўрсатиш соҳаси ривожи туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот-коммуникация хизматларини экспорт қилиш имкониятини яратмоқда.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.