ХДП сайлов натижалари бўйича брифинг ўтказди
Умумий натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан 22 нафар депутат сайланди. Шундан 11 нафари аёллар (50 фоиз).
Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов бу йилги сайлов янгича ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилгани, ғоя ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш учун барча партияларга кенг ҳамда тенг имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилдики, Халқ демократик партияси томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёш сиёсатчилар авлодини етиштириб чиқаришга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Парламентга сайланган депутатларнинг 2 нафари ҳали 30 ёшга тўлмаган. Маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар орасида ҳам ёшлар оз эмас.
Умумий натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан 22 нафар депутат сайланди. Шундан 11 нафари аёллар (50 фоиз).
Депутатларнинг 3 нафари фан номзоди, 2 нафари фан доктори. Мутахассислиги нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, 6 нафари иқтисодчи, 6 нафари педагог ва 3 нафари шифокордир.
Бу фақат парламент учун сайлов эмас, бу маҳаллий Кенгашларга ҳам сайлов. Сайловнинг натижалари фақат парламентда эгалланган ўрин билан ўлчанмайди. Албатта, бу ўрин жуда муҳим. Лекин, республика бўйича вакиллик ҳокимиятидаги умумий депутатлик ўринларини ҳам ҳисобга олиш зарурлиги брифинг давомида алоҳида таъкидланди.
Агарда умумий депутатлик ўринларини ҳисобласак, парламентга ва маҳаллий Кенгашларига 6720 депутатлик ўрни бор. Шундан дастлабки маълумотларга кўра, Халқ демократик партияси 1596 депутатлик ўрнини қўлга киритди. Сайловда эришилган умумий депутатлик ўрни бўйича партия иккинчи ўринда турибди.
Масалан, Наманган вилоятидаги 430 та депутатлик ўрнидан 142 тасини, яъни 33 фоизини Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар эгаллашди. Шундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун 13 та депутатлик ўрнидан 4 тасини (31 фоиз), халқ депутатлари вилоят Кенгашида 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз) ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларидаги 357 та депутатлик ўрнидан 118 тасини (33 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллади.
Тошкент вилоятидаги 699 та депутатлик ўрнидан 208 тасида (30 фоиз) партиядан кўрсатилган номзодлар сайланди. Шундан парламент депутатлиги учун кўрсатилган 13 та ўриндан 3 тасини ( 23 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллашди. Вилоят Кенгашида эса 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз), туман ва шаҳар Кенгашларидаги 626 та депутатлик ўрнидан 185 тасини (30 фоиз) партия номзодлари эгаллашди.
Партия фаолларининг фикрича, ҳозирги кунда қонунларимиз яхши, ижтимоий йўналтирилганлиги, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласида амалдаги ҳужжатларда жуда кўп масалалар белгиланган. Аввало, уларнинг ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Бунга эришилмаса, қуйида ислоҳотлар рўёбга чиқиши қийин бўлади, одамлар, халқимиз ҳаёти ва турмушида ўзгаришлар сезилмайди. Шунинг учун партия одамларнинг бевосита ҳаётига таъсир қиладиган, жойларда қонунлар, қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда қатъий ҳаракат қилади.
Брифинг якунида Халқ демократик партияси лидери Улуғбек Иноятов сайлов жараёнларини ёритишда фаол иштирок этган журналистлар, блогер ва ОАВ ходимларига самимий миннатдорлик билдирди.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати