Хаттотликка бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида японлик хаттот Ёшико Ёшиданинг “Хаттотлик сирлари” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида японлик хаттот Ёшико Ёшиданинг “Хаттотлик сирлари” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада ижодкорнинг йиллар давомида яратган энг яхши ва энг машҳур хаттотлик асарлари намойиш этилмоқда.
Хаттотлик тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўналиш Японияга Хитойдан кириб келган ва бу ёзувлар Японияда VII асрдан бошлаб ривожланган.
Мутафаккирлар хитой ва япон хаттотлиги орасидаги фарқ ҳақида шундай ёзади: “Хитой хаттотлигида асосийси, бу энергия, мўйқаламнинг ички қудрати... Бу ерда асосий ўринни мўйқалам орқали қоғозни сезиш эгаллайди. Япон хаттотлигида эса ҳал қилувчи моҳият мўйқаламнинг ташқи кучи мўйқалам-бўёқ, уларнинг тилида асосийси сезгирлик, самимийлик эмас, балки ҳаракат ва рақсдир”.
Ёшико Ёшида 1959 йили Япониянинг Нара шаҳрида туғилган. 7 ёшидан 18 ёшигача устозлари раҳбарлигида хаттотлик санъатини чуқур ўрганди.
Таниқли хаттот 2000 йилдан бошлаб Бокушё-кайда ўтказиладиган турли кўргазмаларда иштирок эта бошлади. 2005 йилда эса Ёшико Ёшида Фукуяма шаҳрида Канако-кай япон хаттотлик мактабига асос солди. 2007 йилда Санкт-Петербургдаги Мариин давлат академик опера ва балет театри таниқли солисти Фарух Рўзиматов билан ҳамкорликда “Ashura” балети декорациясини яратди.
У кўплаб мамлакатларда хаттотлик бўйича шахсий кўргазмаларини намойиш этиб келмоқда.