Харажат – 1 миллион, даромад – 10 миллион
Биргина сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш орқали даромадни ўртача ўн баробар ошириш мумкин.
Биргина сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш орқали даромадни ўртача ўн баробар ошириш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш, энергия ва сув сарфини тежовчи технологиялар қандай самара бермоқда?! Биргина мисол. Айтайлик, 30 гектарлик мевазор боғни эски усулда суғориш учун сув боққа тўлиқ етиб бориши учун 4 ўртача соат, “Пулсар” (замонавий сув қувурлари орқали) суғориш тизими жорий этилганда эса 8-10 дақиқа керак бўлади. Анъанавий усулда бир неча сувчи шу боғни бир ҳафта, янги усулда бир нафар сувчи уч кунда суғоради. Эски ҳолатда боғга етиб боргунча сувнинг 50 фоизи исроф бўлса, янги усулда бир мисқол сув ҳам исроф бўлмайди. Энергия тежамкорлиги ва таннархи ҳам бир неча баробарга қисқариши таъминланади.
Энг муҳими ва асосийси, замонавий технологиялардан фойдаланган боғдорчилик фермер хўжалиги ҳосилини бир ҳафта олдин пишириб, ҳар бир килограммини 23-30 минг сўмдан, сув муаммоси туфайли бир ҳафта кеч қолса меванинг килосини 5-6 минг сўмдан сотади. Даромад салмоғи фарқини ҳисоб-китоб қилиб олиш қийин эмас, албатта.
Фарғона вилоятида ҳам қишлоқ хўжалигида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш механизмларини янада кенгайтириш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилда 331 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиниб, самарали натижаларга эришилди.

Жорий йилда вилоят бўйича 5 минг 230 гектар ерда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилиниши режалаштирилган бўлиб, шундан 4 минг 820 гектарини томчилатиб, 310 гектарини ёмғирлатиб ва 100 гектарини пульсар суғориш тизими ташкил этади.
Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғи ҳудудидаги тик суғориш қудуғида жорий этилган янги суғориш технологиялари афзалликларига бағишланган амалий семинарда шу хусусда фикр юритилди. “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассислари мазкур ҳудуддаги 31,5 гектарда мевали боғда пульсар усулида суғориш тизими жорий этилганининг фойдали жиҳатларини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб беришди. Бу усулнинг илк самаралари хусусида “Фергана Асиана” пахта-тўқимачилик кластери мутахассислари ҳамда “Ғанижон машҳурлар боғи” ва “Бодомзор ниҳоли” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбарлари вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фермерлар, мироблар, ирригация тизими масъулларига ўз тажрибалари мисолида сўзлаб беришди. “Сирдарё – Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассислари томонидан замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида маҳорат дарслари ўтказилди.
– Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан насос агрегатлари ва суғориш қудуқларидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланишга сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш шарти билан рухсат этилади, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алломжон Фозилов. – Шунингдек, ўз фаолиятига ана шундай замонавий технологияларни кенг жорий этган хўжалик субъектларига кредитлар, сарф-харажатларнинг маълум қисмини қоплаб бериш учун давлат мақсадли жамғармаларидан маблағлар ажратилади.
Амалий семинар давомида вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фермер хўжаликлари раҳбарлари замонавий технологиялардан фойдаланиш жараёнини бевосита кузатиш имконияти яратилди.