Халқ таълими вазири Сирдарё вилоятида
Ушбу таълим муассасаларига замонавий компьютерлар, ўқув, мебель ва спорт жиҳозлари, бадиий ва ўқув қўлланмалари етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматов Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, жорий йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омборидаги техноген вазият туфайли жиддий зарар кўрган мактабларда амалга оширилган тиклаш, қурилиш, қайта қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлар ишлари борасида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Вилоятнинг Оқолтин, Мирзаобод, Сардоба туманидаги аҳоли яшаш уйлари, инфраструктура ва ижтимоий объектлар тошқиндан катта зарар кўрган эди. Бугун барча объектларда ишлар якунлангани ва кўп қаватли уйларга аҳолини кўчиб келиши бошланди.
Сув тошқинидан 4 минг 300 нафардан зиёд ўқувчилар таҳсил олган 14 та мактаб ва 2 та мактаб филиали жиддий зарар кўрган эди, республика бюджетидан ажратилган 51 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига барча мактаблар таъмирланиб, ўқув йили анъанавий тарзда бошланди.
Ушбу таълим муассасаларига замонавий компьютерлар, ўқув, мебель ва спорт жиҳозлари, бадиий ва ўқув қўлланмалари етказиб берилди.
Халқ таълими вазири Ш.Шерматов Сирдарёга ташрифи давомида Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида ҳамда Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган мактаблар тайёргарлиги ҳақида республика оммавий ахборот воситалари ходимлари билан тақдимот маросимини ўтказди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” деган шиор – барча ўқитувчи-педагогларнинг кунлик иш мазмунига айланиши лозимлигини алоҳида қайд этди.