Халқимизнинг ризқи бутун бўлсин...
91 ёшли Лариса Шарова Сталинград қамалида урушнинг энг оғир, даҳшатли кунларини бошидан кечирди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳар “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Лариса Шарова хонадонида бўлиб, унга давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Онахонга самимий тилаклар билдириб, Президентимизнинг совғаси ҳамда 10 миллион сўмлик пул мукофотини тантанали равишда топширди.
Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.Шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани ҳам мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганини ифодалайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига йўллаган табрикномаси ва пул мукофоти тантанали равишда топширилмоқда Пандемия шароитида барча белгиланган карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда фахрийлар холидан хабар олиниб, ғалабага қўшган ҳиссаси эътироф этиляпти.
—Президентимизга минг раҳмат, — дея ўзининг дил изҳорини билдирди Л.Шарова. — Бундай эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз. Илоҳим, дунёда тинчлик барқарор бўлсин, юртимизга кўз тегмасин, халқимизнинг ризқи бутун бўлсин.
91 ёшли Лариса Шарова Сталинград қамалида урушнинг энг оғир, даҳшатли кунларини бошидан кечирди. Пешонасида шундай талафотлардан омон қолиш ёзилган экан. Урушдан сўнг у тўқимачилик институтида таҳсил олди. Ўзбекистонга келиб, шу ерда бахтини топди. Узоқ йиллар пахта саноати соҳасида меҳнат қилди. У Фарғона шаҳридаги пахта заводининг қурилишида ҳам жонбозлик кўрсатди. Икки нафар фарзандни тарбиялаб, шукроналик билан умргузаронлик қиляпти.