Халқимиз эзгу мақсадларининг ифодаси
БМТнинг 75- сессиясида Президентимизнинг юксак минбардан биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши барча юртдошларимизни чексиз қувонтирди.
Акс-садо
БМТнинг 75- сессиясида Президентимизнинг юксак минбардан биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши барча юртдошларимизни чексиз қувонтирди.
Ушбу тарихий нутқни барча ўзбеклар қатори мен ҳам ғурур ва ифтихор билан тингладим. Ўша куни бир мен ёки миллионлаб юртдошларим эмас, миллиардлаб дунё халқларининг диққат-эътибори, нигоҳи бир нуқта – халқаро ҳамжамият олдида турган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган нутққа қадалди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган куннинг 30 йиллигига бағишлаб сўзлаган нутқида она тилимизга эътибор қаратиш, ўзбек тилини миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият сифатида улуғлаш лозимлигини қатъий таъкидлаган эди. Юртбошимизнинг она тилимизга бўлган бундай эътибори қалбларимизга фахр олиб кирди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, барча давлат органларида давлат тилида иш юритиш шартлиги белгилаб қўйилди. Барча давлат органларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тилида иш юритишни ривожлантириш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилиниб, «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-умидларининг мужассами бўлган ушбу нутқда жаҳон ҳамжамиятини ўйлантираётган муаммоларга алоҳида тўхталиб, уларнинг натижаси ва ечими юзасидан ҳам таклифлар берилди.
Президентимиз илгари сурган таклифлар бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик тамойилларига асосланган ҳолда ўзбек халқининг жаҳон ҳамжамияти олдидаги оқилона нуқтаи назарини ифода этди.
Хусусан, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш, БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция уюштириш, катта аҳамиятга эга бўлган минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий меросини ўрганиш мақсадида ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусидаги халқаро форумни ўтказиш, шунингдек, «Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш каби Президент таклифлари келгусидаги ҳаётбахш жараёнларнинг барқарор ривожланишини таъминлашда тўлақонли конструктив ечимдир.
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нутқи ўзаро ҳурмат, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, халқимизнинг қадимий тинч-тотувлик, фидойилик, дўст-биродарлик каби қадриятлари асосида эзгу мақсадларга биргаликда интилиш анъаналарнинг юксак эътирофи бўлди.
Акмал Рўзитоев,
Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси.