Халқимиз қалбида барҳаёт сиймо
Сана муносабати билан пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Бу йил мамлакатимизда миллатимизнинг қиёфаси, табиати, борлиғини борича акс эттирган, Ватанни озод кўриш истаги билан яшаган, умрини шу эзгу мақсадга бағишлаган буюк адиб, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият фидойилари, адабиёт, санъат, маданият соҳаси намояндалари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, кенг китобхонлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожддин Саййид, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов, қодирийшунос олим Баҳодир Каримов, Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий миллий адабиётимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, маънавият, маърифат, маданиятга, сўз санъати равнақига ҳурмат-эҳтиром билан эътибор қаратиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жамият ҳаётида кечаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида барпо этилган буюк адиб номидаги ижод мактаби ва музейга ташриф буюрганида, шу ерда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот чоғида ҳам бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилди. Мазкур бинога “Турон” кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди.
Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза кўчасидаги ижодкор яшаган хонадонда Абдулла Қодирий уй-музейи очилди. Бу ерда ҳам адиб ҳайкали қад ростлади. Ҳайкалтарош Баҳром Норбоев адибни бир қўлда китоб тутган ҳолда ўйчан, мулоҳазага берилган тарзда тасвирлагани унинг таъсирчанлигини янада оширган.
– Президентимиз ташаббуси билан бу ҳовли янада обод масканга айланди, – деди ёзувчининг эвараси Маҳзуна Қодирий. – Шу оиланинг кичик вакили сифатида жуда бахтиёрман. Бундай кўркам уй-музейнинг барпо этилиши, атоқли ёзувчининг таваллуд санаси кенг нишонланиши бувам Ҳабибулло Қодирийнинг, барча оила аъзоларимизнинг орзуси эди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан ғоят миннатдормиз.
Уй-музей очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, таниқли адиб Хайриддин Султонов давлатимиз раҳбарининг бу эзгу ташаббуси адабиёт фидойилари, миллатимиз жонкуярлари учун ғоят қувончли воқеа бўлганини алоҳида эътироф этди.
Абдулла Қодирийнинг бундан юз йиллар аввал "Биз янги даврга оёқ қўйдик. Бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз" деган гапи Президентимизнинг бугунги халқчил ислоҳотларига нақадар ҳамоҳанг, долзарб эканини вақтнинг ўзи очиқ-ойдин намоён этмоқда.

– Қодирий ижоди билан салкам чорак асрдан буён шуғулланаман, – деди тадбирда сўзга чиққан Баҳодир Каримов. – Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки хорижликлар ҳам Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асарини севиб мутолаа қилади. Бу роман жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи ғоят бетакрор асардир. Қайғулар ва туйғулар романи. "Меҳробдан чаён" асари ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Ёзувчининг асарлари тасвир жозибаси, гўзаллиги, миллий руҳи, ҳаётийлиги билан аҳамиятлидир. Жулқунбой тахаллуси билан ҳам ижод қилган устоз ўзбек кулгу адабиётининг мактабдори эди. У кулдириб йиғлатар, йиғлатиб кулдирарди. Қодирий асарлари аллақачон дунёга чиқди. Ижодкор қолдирган маънавий мерос келажакка ҳам хизмат қилади.
Тадбирда "Ўткан кунлар" романининг "Бахт ва бахтсизлик" боби асосида суратга олинган "Ой шуъласида..." фильми намойиш этилди. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари шоир ҳаёти ва ижоди, унинг миллий адабиётимиз равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида шеърлар ўқиди. Пойтахтдаги бир қатор театр жамоалари адиб асари асосида саҳналаштирилган спектакллардан лавҳалар намойиш этди. Таниқли ва ёш ижрочилар куй-қўшиқлар айтди.