Халқаро инвестициявий форум самарали бўлди
Халқаро инвестициявий форум самарали бўлди
Давлатимиз раҳбари фармойишига мувофиқ 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда 33 мамлакат фирма ва компаниялари, инвестиция фондлари ва банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ҳамда молия институтларининг 560 вакили, олимлар, экспертлар иштирок этди. ЎзА мухбирлари анжуман қатнашчиларининг фикрларини ёзиб олди.Бенрд Вурл, «PreTherm Solutions» компанияси менежери (Германия):
– Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти мамлакатда мустаҳкам макроиқтисодий асос яратилганидан далолат беради. Мамлакатингизда хорижий сармоядорларнинг фаол ва эркин иш юритиши учун кенг қулайликлар яратилган. Бундай имтиёз ва имкониятлар германиялик бизнесменларнинг ҳам Ўзбекистонга қизиқишини тобора оширмоқда.
Компаниямиз энергетика соҳасига ихтисослашган. Ўзбекистон муқобил энергетикани ривожлантиришда улкан ютуқларга эришаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатингизнинг қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Ўзбекистон ушбу соҳани ривожлантириш бўйича малакали мутахассисларга ҳам эга. Ўзбекистонлик мутахассислар билан қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Шу боис Тошкентдаги Халқаро қуёш энергияси институти билан қуёш станцияларини барпо этиш бўйича шартнома имзоладик.
Стефано Чампиоли, «Enerco Distribuzione» компанияси директори (Италия):
– Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ошиб бормоқда. Кўплаб мамлакатларнинг етакчи фирма ва компаниялари юртингизга сармоя киритмоқда. Ўзбекистон ривожланган мамлакатлар ва обрўли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётир. Биз ҳам мамлакатингиз ишбилармонлари билан нефть-газ соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз.
Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш, энг қулай бизнес муҳитини яратиш, соҳа вакилларига имтиёз ва енгилликлар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Мамлакатингизда олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёни, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ютуқлар эътирофга лойиқ. Халқаро инвестициявий форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокара ўтказдик.
Жеонг Мин Сон, “DY Panel” компанияси менежери (Жанубий Корея):
– Ўзбекистонда энг нозик турдаги маҳсулотдан тортиб мураккаб технологик жараённи талаб этувчи барча турдаги товарларни ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган. Форум доирасида Самарқанддаги ишлаб чиқариш корхоналари ва улар таклиф этаётган сармоявий лойиҳалар билан танишиш имконига эга бўлдик. “Сино” акциядорлик жамияти халқаро андозаларга мос, юксак сифатли, рақобатбардош, кенг турдаги музлаткич ва кондиционерлар ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга экан. Корхонага энг замонавий технологиялар жорий этилгани катта самара бераётир. Айниқса, баъзи линияларда Жанубий Кореядан келтирилган илғор ускуналардан фойдаланилаётганини кўриб, ҳамкорлигимиздан қувондик.
Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш йўлида барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, соҳага тўлиқ эркинлик беришга катта эътибор қаратилаётгани мамлакатингизда бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган демократик давлат қуриш йўлидаги изчил ислоҳотларга ёрқин мисол бўла олади. Компаниямиз Ўзбекистон ишбилармонлари билан қурилиш материаллари, жумладан, панел ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олди.
Дуран Хуан-Рамон, «Sercobe» уюшмаси бош директори (Испания):
– Ўзбекистонда Халқаро инвестициявий форум ташкилий жиҳатдан юксак савияда, кўтаринки руҳда, ғоят самарали ва муваффақиятли ўтди. Унда мамлакатингизнинг сармоявий бозоридаги янги қирралар кашф этилди, ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар белгилаб олинди. Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун улкан имкониятлар эшиги очилган. Давлат объектлари хорижий ва маҳаллий инвесторларга сармоявий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан «ноль» қийматда таклиф этилаётгани мамлакатингизни изчил ва барқарор ривожлантириш йўлида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ғоят пухта, стратегик муҳим саъй-ҳаракатлардандир.
Кўп йиллик тажрибага эга ташкилотимиз саноат ускуналари ишлаб чиқарувчилари – кўплаб йирик компанияларни ўзида жам этган. Ўзбекистон билан бир неча йиллардан буён фаол ҳамкорлик қилиб келамиз, хусусан, бу ердаги Испания сармояси эвазига ташкил этилган корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратамиз. Ғоят ишончли ва муҳим ҳамкор Ўзбекистон билан янада фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.