Халқаро баҳолаш дастурларида Ўзбекистон илк бор иштирок этади
Вебинар Россия Таълим стратегияларини ривожлантириш институти билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг “READ” дастури доирасида бўлиб ўтмоқда.
Бунинг учун таълим тизимида нималар қилмоқ керак? Ўқувчилар тайёргарлиги қандай бўлади? Дунё таълим тизимида мактаб ўқувчиларининг ўқишга сарфлайдиган вақти қандай? Фанлар учун кўпроқ вақт сарфлаган маъқулми? Сифатга эришиш учун қандай тажрибалар кузатилмоқда?
Бугун бошланган, икки кун давом этадиган “Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш – инсон капиталини ривожлантириш омили” мавзусидаги онлайн вебинарда мутахассислар, хорижлик экспертлар бу ҳақда сўз юритди.
Вебинар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва Таълимни ривожлантириш стратегияси институти (Россия) ҳамда Жаҳон банкининг READ дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда таълим сифатини баҳолаш, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш, ўқувчиларнинг ўқиш, математик ва табиий-илмий саводхонлиги, креатив фикрлаш кўникмаларини баҳолаш ва ривожлантириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда илк бор иштирок этишни режалаштирмоқда. 2021 йилда халқаро PIRLS ва 2022 йилдаги PISA халқаро тадқиқотларига муносиб тайёргарлик кўриш, шу орқали Ўзбекистонда таълим сифатини янада яхшилаш долзарб саналади. Бу борада юқори ўрин эгаллаган давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш муҳим ҳисобланади.
Вебинарда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг кўплаб соҳалардаги мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларига алоҳида тўхталди.
Инсон капиталининг асоси бу, албатта сифатли таълимдир. Шунинг учун, халқаро баҳолаш дастурларида Ўзбекистоннинг илк бор иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда Жаҳон банкининг Москвадаги ваколатхонаси таълим йўналиши бўйича катта мутахассиси Тигран Шмис READ дастури ва уни Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш мисолида таълим тизими имкониятларини ривожлантиришда экспертлар ҳамкорлигининг аҳамияти тўғрисида, Россия таълим академияси Таълимни ривожлантириш стратегияси институти, Россия таълим сифатини баҳолаш маркази раҳбари Галина Ковалева эса PISA халқаро тадқиқотига тайёргарлик кўриш бўйича Россия Федерациясининг тажрибаси, ўқитувчилар малакасини оширишнинг муҳим жиҳатлари, баҳолаш воситалари ва ўқув-услубий қўлланмаларини ишлаб чиқиш масалалари юзасидан маъруза қилди.
Шунингдек, Россиянинг етакчи экспертлари томонидан халқаро тадқиқотлар доирасида баҳоланиши кўзда тутилган, ўқувчиларнинг ўқиш, математик, табиий-илмий саводхонлиги ва креатив фикрлаш, матнни ўқиб тушуниш даражаларини баҳолаш ва ривожлантириш омиллари, таълим тизимидаги ўзгариб бораётган ёндашувлар юзасидан қимматли маълумотлар бериб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия давлати халқаро тадқиқотларда узоқ йиллардан буён узлуксиз равишда қатнашиб, муайян давр мобайнида ўз таълим тизимида муносиб тараққиётга эришмоқда. PIRLS тадқиқоти рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Россия Федерацияси ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантириш, ўқувчилар ва ота-оналарнинг ўқишга бўлган ижобий муносабати, китобхонликни ривожлантириш орқали ўқиш саводхонлигини яхшилашда илғор тажрибага эга.
Вебинарда READ дастури, уни Ўзбекистонда амалга ошириш, таълим тизими имкониятларини ривожлантириш, экспертлар ҳамкорлиги, PISA халқаро тадқиқотига тайёргарлик кўриш бўйича Россия Федерациясининг тажрибаси, ўқитувчилар малакасини оширишнинг муҳим жиҳатлари, баҳолаш воситалари ва ўқув-услубий қўлланмаларини ишлаб чиқиш, тадқиқот контекстида ўқувчиларнинг математик саводхонлигини баҳолаш ва шакллантириш, ўқиш саводхонлигини баҳолашга оид маърузалар тингланди. Бугунги кунда таълим тизимига қўйиладиган янги ва замонавий талаблар, халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш, шу орқали Ўзбекистонда таълим сифатини янада яхшилаш борасидаги вазифалар белгиланди.