Халққа хизмат қилиш – асосий талаб
Самарқандда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқандда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев бошқарган йиғилиш туман ва шаҳарлар билан сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 триллион 60 миллиард сўм ёки 108,7 фоизни ташкил этгани таъкидланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,4, халқ истеъмоли моллари 12,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 7,3 фоизга кўпайди, кўрсатилган хизматлар 13,3 фоиз ўсди.
Ўтган йили вилоятда 2 минг 305 янги кичик бизнес субъекти рўйхатга олиниб, уларнинг сони 16,2 мингтага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 78 фоизни ташкил этди. Жами саноат маҳсулотларининг 62,3 фоизи, иш билан банд бўлган аҳолининг 84,4 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бандлик дастурига асосан ҳисобот даврида 95,5 минг янги иш ўрни яратилди. 54,5 минг нафар коллеж битирувчисининг бандлиги таъминланди.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 42 лойиҳа амалга оширилиб, 53,2 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 487 иш ўрни яратилди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, енгил саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш, хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар ташкил этиш борасида Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Нуробод, Қўшработ туманларида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Дастурга киритилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилмагани сабаблари мутасаддилардан сўралди.
Коммунал хизмат кўрсатиш борасида юзага келаётган муаммолар ва соҳада қарздорликнинг ошиб бораётгани туман ва шаҳарлар мисолида таҳлил этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул идоралар раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юкланди.
Аҳоли, жумладан, хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, аҳолининг тадбиркорлик бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2017 йилга мўлжалланган дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда ҳар бир соҳа раҳбарининг шахсий жавобгарлиги ва масъулияти эслатилди. Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили моҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда улар билан яқин мулоқотда бўлиш лозимлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев сўзга чиқди.