Кескин танқидларнинг самараси бўлармикан?
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти кескин танқид қилинди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти кескин танқид қилинди
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун маҳалла тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотларда юқори самарадорлик кўзга ташланмаяпти. Жойлардаги мутасаддиларнинг белгиланган вазифаларга бўлган масъулиятсизлиги ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигининг пастлиги бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг 19 август куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизимдаги ана шу жиҳатларга атрофлича танқидий баҳо берилди, дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.
Йиғилиш аввалида сўз олган вазир ўринбосари Ботир Парпиев жойлардаги масъуллар, вазирликнинг вилоят ва туман бўлинмалари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини кескин танқид остига олди. Аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар таҳлилига тўхталиб, 2020 йил 19 август кунига қадар вазирликка маҳалла раиси ва ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунидаги 5173 та мурожаат келиб тушганлигини келтириб ўтди. Мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятида 756 тани, шунингдек, Тошкент шаҳрида 640 та, Сурхондарё вилоятида 578 та, Самарқанд вилоятида 450 та, Тошкент вилоятида 397 та, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида 360 тани ташкил этади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига кўра “темир дафтар” тизим асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига моддий пул маблағларини етказиб бериш ишлари кўплаб ҳудудларда тўғри ташкил этилмагани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам жиддий таҳлил қилиб чиқилди. Маълумотларга кўра, юртимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан шу йилнинг ўтган даври мобайнида 1 060 261 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган. Уларнинг 515 103 нафарини аёллар, 545 159 нафарини эркаклар ташкил этади. Мазкур фуқароларни зарур иш билан таъминлаш, даромад манбаини яратишда кўмаклашиш борасидаги ишлар Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Миришкор, Самарқанд вилоятининг Нарпай, Нуробод, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал туманларида қониқарсиз олиб борилмоқда.
Б.Парпиев йиғилиш давомида “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” тамойили асосида маҳаллалардаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам жойларда изчил ташкил этилмаётганини танқид қилиб ўтди. Эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хонадонига ободлик, қалбларига ҳаётдан розилик туйғусини олиб киришга қаратилган мазкур эзгу ташаббус ифодаси бугун ҳар бир хонадон, кўча ва маҳаллаларда ўз аксини топиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар таҳлилига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилояти бошқармаларидан олинаётган маълумотлар таҳлил қилинмаётгани сабабли вазирликка юборилган маълумотларни умумлаштиришда кўплаб хатоликлар учраётгани айтиб ўтилди. Шу сабабли ҳисоботларни таҳлил қилиб кўрмасдан вазирликка асоссиз маълумотлар тақдим этиб келаётган ҳудудий масъулларга интизомий чора кўрилиши қайд этилди.

Йиғилиш давомида фуқаролар йиғини биноларини қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлилий кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Шаҳрисабз, Гулистон, Самарқанд, Нукус, Навоий, Оҳангарон шаҳарлари, Денов, Узун, Шеробод, Мирзаобод, Оқолтин, Булунғур, Жомбой, Нарпай, Нуробод, Пайариқ, Тўрткўл, Қўнғирот, Бўзатов, Амударё, Хўжайли, Юқори Чирчиқ, Чиноз, Бўка, Бекобод, Янгийўл, Сергели, Навбаҳор, Нурота, Томди, Конимех, Қоракўл, Олот туманларида 2020 йилга режалаштирилган қурилиш ишлари умуман бошланмаган.
Кўриб чиқилган масалалар қаторида маҳалла вакилларининг ўзининг ваколат вазифаларидан бошқа ишлар билан шуғулланаётгани ҳолати жиддий танқид қилиб ўтилди. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳалла ходимларига солиқ йиғимлари ва коммунал тўловларни ундириш, қора ва рангли металлар йиғиш режаси қўйилаётганлиги ҳолати бўйича ҳақли ва кескин эътирозлар билдириб ўтилди.
Йиғилишда ўз ишига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашлик қилган ҳудудий бўлинма масъулларига интизомий чора кўриш масаласи кўриб чиқилди.
