Керага тоғ этакларида куз манзаралари
Куз – майин шабада ва сарғайган япроқлар кўнгилни қитиқлаб, боғу роғларни турфа рангларда товлантирадиган олтин фасл. Бу фаслда теварак-атроф ўзгача рангда товланиб, гўзал жилоси билан борлиқни мафтун этади. Оналар алласининг хушёқим, сеҳрли оҳанги-ю, болаликнинг беғубор даврини эслатади. Олис-олисларга боқсангиз, она табиат бешигида баланд тоғлар ҳам унсиз мудраб, бир зум мизғиб олишга тараддуд кўраётгандек таассурот уйғотади.
Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари ортга чекинмасдек бўлиб туюлган жанубдаги Сурхон воҳасида яна орзиқиб кутилган майин куз шабадаси эсаётир. Осмонўпар Ҳисор тоғ тизмалари этакларида турфа рангларда товланиб, ерга узилиб тушаётган сарғиш япроқлар ва уларнинг сукунатни бузаётган оҳиста шивирлаши қалбларга хотиржамлик бахш этади. Шу кунларда Ҳисор тоғининг Керага тоғ тизмалари этакларидаги Катта Вахшивор, Бодиҳаво, Чинор каби қишлоқлар олтин куз оғушига чўмган. Сўлим бу гўшаларда мафтункор куз ифоридан баҳраманд бўлишнинг гашти бўлакча. Сизларга илинаётганимиз ушбу суратлар ҳам ана шу қишлоқларда тасвирга олинди.





Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири