Кенг кўламли хайрия ва эҳсон тадбирлари амалга оширилмоқда
Президент қарорининг ижроси амалда
Муборак Қурбон ҳайити кунларида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида эзгулик, саховат ва инсонпарварлик тамойиллари янада юксак маъно касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 21 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ҳудудда кенг кўламли хайрия ва эҳсон тадбирлари амалга оширилмоқда.


Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойил ҳаётнинг бош мезонига айланиб бораётгани айниқса шундай муборак айём кунларида янада яққол намоён бўлмоқда. Нуронийлар, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият сифатида изчил давом эттирилмоқда.

Бахмал туманида ҳам байрам кунлари саховат тадбирлари кенг қулоч ёзди. Бўрдоқига боқилган йирик шоҳли жонлиқлар қурбонлик қилиниб, Қурбон ҳайити намозидан сўнг бошланган савобли амаллар уч кун давомида изчил ташкил этилмоқда. Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларнинг 786 та хонадонига қурбонлик гўштлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Айниқса, кекса отахон ва онахонлар дуоси, кўнгли ярим инсонларнинг чеҳрасидаги мамнунлик бу эзгу ишлар халқ қалбига қанчалик илиқлик олиб кираётганини яна бир бор намоён этди.

Мазкур хайрли тадбирларда туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва саховатпеша юртдошлар фаол иштирок этмоқда. Бу эса жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётганининг амалий ифодасидир.
А. Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири