Кенан Қулиев: Ўзбекистон–Озарбайжон ҳамкорлиги янги босқичда
Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари тарихий-маданий яқинлик, ўзаро ишонч ва сиёсий иродага таянган ҳолда стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар, ўзаро ташрифлар ва янги ҳуқуқий битимлар икки томонлама алоқаларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаб, бу жараён иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалардаги ҳамкорликнинг кенгайиши, халқлар ўртасидаги яқин алоқаларнинг мустаҳкамланиши ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларнинг кўпайишида яққол намоён бўлмоқда.
Бу ҳақда “Янги Озарбайжон” партиясининг Лочин туман ташкилоти маслаҳатчиси Кенан Қулиев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бугун икки давлат нафақат минтақавий, балки халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб, стратегик манфаатларга асосланган яқин ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
– Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари фақат икки томонлама ҳамкорлик билан чекланмайди. Икки давлатнинг сиёсий иродаси ва иқтисодий салоҳияти Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги интеграция жараёнларини янада тезлаштириши мумкин, – дейди Кенан Қулиев.
Иқтисодий ҳамкорликдаги ўсиш бу муносабатларнинг амалий мазмунини яққол кўрсатмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баравардан зиёд ошиб, 795 миллион долларга етган. 2026 йил январь-май ойларида эса савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоиз ўсиб, 144 миллион долларни ташкил этган. 500 миллион доллар капитали билан ташкил этилган Ўзбекистон–Озарбайжон Инвестиция компанияси эса янги лойиҳаларни молиялаштириш ва ўзаро инвестицияларни кенгайтириш учун муҳим платформага айланмоқда.
Энергетика ва саноатдаги қўшма лойиҳалар ҳам ҳамкорликнинг оддий савдо доирасидан чиқиб, ишлаб чиқариш кооперациясига ўтаётганини кўрсатади. “Neftegaztexnologiya” қўшма корхонаси, “Turan Energy AFEZCO” фаолияти, Фузулийда Ўзбекистон иштирокида ташкил этилган 100 гектарлик анор боғи, шунингдек, “Chevrolet” ва “Isuzu” автомобиллари ишлаб чиқарилиши икки мамлакат иқтисодий салоҳияти бир-бирини тўлдиришини намоён этмоқда.
Транспорт-логистика йўналишида ҳам янги имкониятлар шаклланмоқда. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги, Озарбайжоннинг эса Жанубий Кавказдаги стратегик жойлашуви уларни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги янги транспорт тизимининг муҳим иштирокчиларига айлантирмоқда. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини Ўрта йўлак билан боғлаш бўйича ташаббуслар эса минтақада юк ташиш ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Қулиев маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам икки халқни яқинлаштирувчи муҳим омил сифатида баҳолайди. Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказилган Маданият кунлари, Хивадаги “Шуша кунлари”, таълим ва илмий алмашинувлар муштарак туркий меросни янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Унинг қайд этишича, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик эса бу яқинликни минтақавий ва халқаро даражага олиб чиқмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилиги икки давлат муносабатларидан кенгроқ мазмун касб этмоқда. Сиёсий ишонч, иқтисодий кооперация, транспорт боғлиқлиги ва муштарак туркий меросга таянган ҳамкорлик Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА