Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Иқтисодиёт ўсишига катта туртки берадиган йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” замонавий автомобил йўллари шулар жумласидан.
Хоразмда экологик авиаёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарлик замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда. Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади.
Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда. Бундай лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилади.
Транспорт-логистика соҳасида юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкага туширилади.
Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланади. Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.
Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Улар 20-25 миллиард доллар капитал, янги билим ва технологияларни жалб этиш имконини яратади.
ЎзА