Келгуси йил ҳосилига тайёргарлик
Бухоро вилояти Қоракўл туманида жорий деҳқончилик мавсумида 12,5 минг тоннадан ошиқ ғалла, қарийб 30 минг тонна саноат учун қимматбаҳо хом ашё – пахта, 256 тоннадан зиёд “кумуш тола” — пилла етиштирилди.
Ҳудудда фаолият олиб бораётган 300 га яқин фермер хўжалигида эришилган ютуқ, жамоалар ихтиёрида қолдирилган сара буғдой, қўлга киритилган моддий манфаатдорликни бир сўз билан ифодалаш мушкул. Гектарлар ҳосилдорлиги йил сайин оширилаётган фермер хўжаликларида шу кеча-кундузда агротехник талабларига мувофиқ, келгуси йил ҳосилига тайёргарлик, бир томонда ҳосилдан бўшаган экин ерларини чуқур шудгорлаш, “шўр ювиш”га тайёрлаш, экин ерларини чилла сувига қондириш, иккинчи томонда эса экиб ундирилган ғалла ниҳоллари парваришини меъёрида олиб бориш тадбирлари қизғин давом эттирилмоқда.
Туманнинг Човли ҳудудидаги “Боғи эрам замини”, “Дўкончалик Жумабой полвон”, “Оводон момо”, Қораун ҳудудида фаолият юритаётган “Бобоқул Онда”, “Очил бобо – 2018”, “Саттор Рустам пахтакор”, Қораҳожи ҳудудидаги “Ниҳол М”, “Яхшимурод пахтакор”, “Аҳмад Рўзиқул”, Маллаишайх ҳудудидаги “Боғи Шабнам чорвадор”, “Мадина Иброҳим Фармон”, “Расул Жаббор Иброҳим”, Сайёт ҳудудидаги “Фирдавс Сухроб пахтакор”, “Тоҳир – Зоҳир пахтакор”, “Қоракўл” ҳудудидаги “Полвон Янгиев”, “Давлат нав синаш участкаси”, “Ғофур Раззоқ” каби кўплаб фермер хўжаликларида ерларни келгуси йил ҳосилига, экишга тайёрлаш мақсадида чуқур шудгорлашга эътибор қаратилмоқда.

Хўжаликларда тупроқ унумдорлигини ошириш, ирригация ва мелиорация ишларини ривожлантириш, пировардида мўл ҳосил етиштириш мақсадида суғоришнинг инновацион, ресурс тежамкор усулларига ўтилаётгани эътиборга молик. Бу борада хусусан, “Мергантекс” ва “Қоракўл Кумуш калава” пахта-тўқимачилик кластерлари тасарруфидаги ўнлаб фермер хўжаликларининг жами 2 минг 113 гектар ерида томчилатиб суғориш технологияларидан унумли фойдаланилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Ҳозирда бу каби тадбирлар кенг қулоч ёймоқда. Жумладан, 14 та фермер хўжалигида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилаётгани албатта, маҳсулдорликни оширмоқда. Чунончи, бу усул агротехникаси “Раззоқ Наврўз” фермер хўжалигида 40, “Мўйначи ҳунарманд” ва “Ҳайит Наврўз” фермер хўжаликларининг ҳар бирида 30 гектарни ташкил этмоқда. Қолаверса, чуқур шудгорлашдан олдин ўндан ортиқ фермер хўжалигида экин ери лазер замонавий қурилмаси воситасида текислангани ишчи кучи, техника – механизация ҳамда сув сарфини иқтисод қилиш, ердан баракали ҳосил етиштириш гаровидир.
Шу кеча-кундузда эса туман ҳудудларида “CASE”, “Magnum”, “MX–1200”, “Orion” каби 49 та юқори унумли техникалар кучидан фойдаланилгани ҳолда экин ерини чуқур шудгорлаш жараёни давом эттирилмоқда. Агроинспекция томонидан туманнинг “Қораҳожи” ҳудудидаги “Усмон Иззат”, “Асқар Ҳамро Ҳакимбой”, “Қувача” ҳудудидаги “Жўрабек–Диёрбек”, “Жиғачи” ҳудудидаги “Жиғачи омад тузкон”, “Зиёрат” ҳудудидаги “Аслиддин обод”, “Фарҳод Беҳруз”, “Қувват Рустам”, “Дарғали” ҳудудидаги “Махтумқули Ибрагимов”, “Беҳзод Турсун”, шунингдек, “Қораун” ҳамда “Қозон“ ҳудудларидаги қатор фермер хўжаликларида бораётган агротехник тадбирлар ўрганилиб, фермер ва механизаторларга зарур тавсия ва топшириқлар берилмоқда.
Худди шундай, ҳосилдан бўшаган экин ери билан бир қаторда туманда мавжуд 326 гектар мевазор, 191 гектар токзор боғ оралари шудгор қилиниб, қишки бостириб суғориш тадбирларига тайёргарлик кўрилмоқда. Мавсум олдидан эса ҳудуддаги экин ерларининг “қон томири” сифатида 126 километрга етган сув йўли ва ариқ техника ва механизмлар воситасида, хўжаликлараро ўтган 1 минг 500 километрга яқин ариқ эса фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қўл кучи – ҳашар йўли билан тозаланади.
Зариф Комилов, ЎзА