Келгуси режалар йўлида фойдали дастур
Хива шаҳрида Маданий мерос ҳафталиги доирасида "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форуми ва бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Хива шаҳрининг Нуриллабой мажмуида ўтказилган тадбир археологияга оид топилмалар ва қўлёзмаларга бағишланди. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тарих илмий бўлими мудири Ўктамали Равшанов қуйидагиларни гапириб берди.
- Музей-қўриқхонамиз 1922 йилда ўз фаолиятини бошлаган, - деди у. - Унинг дастлабки коллекцияси 5 та хонада, жами 168 та экспонат намойиш этилган эди. Бухоро музейи ўзининг 100 йиллик тарихи мобайнида ривожланиб, шаклланиб борди. Ҳозирда музей-қўриқхона таркибида 16 та алоҳида музей ва 2 та доимий экспозиция фаолият олиб бормоқда. Яқин йиллар ичида музейларимиз сони 20 тадан зиёд бўлиши режалаштирилган. Музей жамланмасида бугунги кунда 134 мингдан ортиқ артефактлар сақланмоқда.
5 йилдан буён анъанавий давом этиб келаётган Маданий мерос ҳафталиги даставвал янги китоблар тақдимотидан бошланди. Кейин эса алоҳида секциялар бўйича маърузалар ташкил этилди. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси ходимлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. Бу нуфузли тадбир биз учун келгуси режаларимиз йўлидаги фойдали дастур, десам адашмаган бўламан.
Эслатиб ўтамиз, Маданий мерос ҳафталиги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЮНEСКО, Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, «Eriell Group» нефть сервис компанияси кўмагида ўтказилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА