Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан “Келажак соатлари” машғулотлари воҳадаги болалар боғчалари ва умумтаълим мактабларида изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган навбатдаги машғулот болажонлар учун ҳам қизиқарли, ҳам фойдали бўлди. Тадбирда инспекторлар болаларга светофор, йўл белгиларининг маъноси, пиёдалар ўтиш жойида ўзини тутиш қоидалари ҳақида содда ва таъсирли тарзда тушунтириш бердилар.

Машғулот жараёнида болаларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Улар рангли қоғозлардан йўл белгиларини тўғри жойлаштириш, светофор чироқларини таниш бўйича вазифаларни аъло даражада бажаришди.

Тарбияланувчилар саҳна кўринишлари, қўшиқ ва шеърлар орқали йўл белгиларини ёдда сақлашни янада ёрқин тарзда ифода этдилар.

Шунингдек, Жиззах шаҳридаги 29-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби аъзолари ҳам бадиий чиқишлар орқали болажонларга хурсандчилик улашишди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири