"Келажак ўйинлари-2026"да Ўзбекистон жамоаси бронза медалини қўлга киритди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 8 та фижитал спорт йўналишлари бўйича ўтказилган “Келажак ўйинлари - 2026” мусобақаларининг финал босқич баҳслари якунланди.
50 га яқин давлатнинг 800 нафардан ортиқ энг маҳоратли фижитал спортчилари иштирок этган “Келажак ўйинлари-2026”нинг финал мусобақаларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган “FC OLYMPIC PHYGITAL” жамоаси фижитал-футбол ўйинларида муваффақиятга эришди.
Саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказган мамлакатимиз вакиллари чорак финал босқичида Россия Федерациясининг FFK “ROTOR CISS GROUP” жамоасини мағлуб этди.
Майдонда ва майдон ташқарисида компьютер футболидаги муросасиз баҳсларда ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этган Ўзбекистон жамоаси ярим финалда Уругвайнинг “NS Team” жамоасига қарши асосий баҳсда 1:1 ҳисобида дурангга эришди. Пеналтилар сериясида 2:3 ҳисобида имконият бой берди ва 3-ўрин учун курашда Гватемала жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бронза медали учун баҳсда Ўзбекистон Гватемаланинг “Club Holcattes” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва “Келажак ўйинлари-2026”нинг бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақалар якунига кўра, 1-ўриндан жой олган Уругвайнинг “NS Team” жамоаси 150 минг АҚШ доллари билан тақдирланган бўлса, 2-ўринни банд этган Мексиканинг "Quetzales-Armadillos” фижитал-футболчиларига 85 минг АҚШ доллари насиб этди. Бронза медали соҳиби бўлган ўзбекистонлик спортчилар жамоасига 55 минг АҚШ доллари тегишли бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА