Шу кунгача 200 нафар ёш давлат хизматчиси мазкур лойиҳада малакасини оширди ва масъул вазифаларда фаолият юритмоқда.
“Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг янги мавсуми бошланди.
Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ташкил қилинган дастурнинг очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва институт раҳбарияти, ҳамкорлар, иштирокчилар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Ўқув дастури давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув раҳбарларининг стратегик фикрлаш, тизимли таҳлил, сунъий интеллект асослари ва қўлланиши, мулоқот маданияти, муаммоларни манзилли ҳал этиш, ислоҳотлар ва жадал ривожланиш даврида трансформацион лидерлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган.
Таъкидлаш керакки, “Келажак лидерлари” ўқув дастури 2021 йилдан бери ташкил этиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар 200 нафар ёш давлат хизматчиси мазкур лойиҳада малакасини оширди ва масъул вазифаларда фаолият юритмоқда.
Дастурнинг навбатдаги мавсуми учун республиканинг 14 ҳудудида фаолият олиб бораётган, Миллий кадрлар захирасига киритилган иқтидорли ва салоҳиятли давлат хизматчилари ичидан 50 нафари саралаб олинди.
Тингловчилар 4 ҳафта давомида замонавий таълим усуллари асосида нафақат институт профессор-ўқитувчилари, балки вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан ҳам ўтиладиган ўқув-тренингларда қатнашади.
Амалий фанлар орқали стратегик таҳлил ва режалаштириш, сунъий интеллект асослари ва қўлланиши, давлат-хусусий шерикчилик асослари каби йўналишларда ҳам профессионал кўникмаларини оширади.
Дастурни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат берилади ҳамда лавозимда ўсишларининг ташкилий масалалари кўрилади.
Очилиш маросими давомида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум ўқув дастурининг самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга йўналтирилган.
Н.Абдураимова, ЎзА