Келажак лидерлари сайловда фаол иштирок этади
Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти "Келажак лидерлари клуби" аъзолари 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишди.
Комиссия раиси Маҳмуд Болтабоев ёшларга мамлакатимизда жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Тошкент вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланди.
Суҳбат давомида нафақат сайлов ёшидаги, балки ҳали сайлов ёшига етмаган ўғил-қизларга ҳам мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган дадил ислоҳотларнинг юксак самаралари ҳақида тушунчалар бериш, уларни сайлов жараёнлари билан ҳозирдан таништириб бориш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади. Жорий йил ҳудудда Президент сайловида ёшлар фаоллиги ўтган сайловлардан ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида 2 минг 754 нафар, Пискент туманида эса 18 ёшга тўлган 2 минг 342 нафар йигит қиз сайловда илк бор қатнашади.
Шу кунларда барча туман-шаҳарларда ташкил этилган сайлов участкаларида зарур тайёргарлик ишлари соз ҳолатга келтирилди. Бу жараёнга масъуллар малакаси оширилиб, зарур сайлов қонунчилиги бўйича билим ва кўникмалар берилди.

– Бу йил мен ҳам мамлакатимиз фуқаролари учун муҳим бўлган сиёсий тадбирда ўзимиз танлаган номзодга овоз бераман, – дейди Тошкент вилояти "Келажак лидерлари клуби" аъзоси Отабек Исроилов. – Бугунги учрашувда сайлов қонунчилиги бўйича яна бир бор муҳим билимларга эга бўлдик. Клубимиздаги дўстларимиз билан бирга, Президент сайловига оид турли видеороликлар тайёрлаяпмиз. Уларни мунтазам ижтимоий тармоқларда жойлаб борамиз. Шунингдек, ўзимиз ўқиётган олийгоҳларда тенгдошларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ҳаракат қиляпмиз.
Тадбир давомида "Келажак лидерлари клуби" аъзоларига ўзлари яшаётган ҳудудларда сайловга биринчи бор қатнашаётган ёшларга ўрнак бўлиши ва уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишда фаоллик кўрсатиш зарурлиги айтиб ўтилди. Айниқса, ёшларнинг сайлов маданиятини шакллантириш, овоз бериш жараёнида онгли равишда фаол қатнашиш, номзодларнинг сайловолди дастурларини қунт билан ўрганиш бўйича зарур тавсиялар бериш кераклиги алоҳида қайд этилди.
А.Мусаев,ЎзА