Келажак чемпионлари сараланди
“Янги Ўзбекистон — Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари доирасида ташкил этилган “Бухоро вилояти ҳокими олимпиадаси”нинг бокс бўйича баҳслари юқори кайфият ва ҳақиқий спорт муҳитида бўлиб ўтди.
Мусобақа нафақат ёш спортчиларнинг маҳорат синови, балки келажакда мамлакатимиз спорт шарафини ҳимоя қиладиган иқтидорли боксчиларни саралаб олишда муҳим босқич бўлди.

Бухоро Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган нуфузли мусобақада вилоят спорт бошқармаси масъуллари, вилоят бокс федерацияси раҳбарияти, Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари, мураббийлар ҳамда ёш спортчилар иштирок этди. Тадбир аввалида сўз олган вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Наджимидинов ва вилоят бокс федерацияси раиси Нодир Ҳамдамов мусобақа иштирокчиларини қутлаб, уларга омад ва ғалабалар тилади.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бокс спорт турида юртимиз спортчилари халқаро ареналарда муносиб натижаларни қайд этаётгани ёшлар учун катта илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Мусобақа давомида ёш боксчилар рингда ўзларининг техник маҳорати, тезкорлиги, чидамлилиги ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди. Ҳар бир баҳс қизғин ва муросасиз кечиб, мухлислар ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Беллашувлар якунида турли вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Энг муҳими, мусобақада муносиб иштирок этган иқтидорли ёшлар орасидан сараланган спортчилар энди Президент олимпиадаси финал босқичида Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилади. Бу эса улар учун катта масъулият билан бирга, улкан имконият ҳамдир.


Бундай мусобақалар ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва миллий спортимиз равнақи учун муносиб захира кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири