Келажагимиз учун овоз берамиз
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Келажагимиз учун овоз берамиз!” шиори остида талаба ёшларнинг сенаторлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатида доимий асосда ишловчи, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси, Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси тарғиботига бағишлаб ўтказилган учрашувда институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасининг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашилди. Халқимизнинг ирода ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган, мамлакатимизнинг янгиланаётган конституцияси миллат, юрт равнақига, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам эканлиги таъкидланди.
[gallery-11453]
Шунингдек, учрашувда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида 200 мингдан кўпроқ таклифлар келиб тушганлиги, мавжуд 128 та моддага яна 27 та янги модда қўшилиб, уларнинг сони 155 тага етказилганлиги, Конституциянинг лойиҳаси деярли 65 фоизга янгиланганлиги алоҳида қайд этилди.
– Янгиланаётган Конституцияни “2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши ҳам эътиборлидир, – дейди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов. – Амалдаги конституциямизнинг 1-моддасида “Ўзбекистон – суверен демократик республика”, деб белгиланган бўлса, янги лойиҳада “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” дея баён қилинаётганлиги янгиланаётган Конституциямизнинг мазмунан бойиганлигининг бир кўринишидир.
Учрашувда сенаторлар янгиланаётган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, киритилган ўзгартиришлар, янги модда ва нормалар ҳақида талабаларга кенг тушунча ва маълумотлар берди. Жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида ёшларни фаол иштирок этишга чақирди.
Учрашувда ёшларни қизиқтирган саволларга сенаторлар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. Ўз навбатида талаба ёшлар ҳам жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишларини, янгиланаётган Конституциямизни қўллаб-қувватлаб овоз беришларини билдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА