Кексаларнинг умр йўли – ибрат мактаби
Андижон давлат университетида “Устозлар ҳаёти – ибрат мактаби” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда уч авлод вакиллари – мазкур олийгоҳнинг тарих йўналишида 1974-1978 йилларда таҳсил олган, узоқ йиллар турли жабҳаларда самарали меҳнат қилган собиқ талабалар, отахон-онахонлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
Тадбир очилишида университет проректори Мадаминжон Маҳкамов, профессор Рустамбек Шамсутдинов ва бошқалар томонидан кекса авлод вакилларининг юртимиз равнақи йўлидаги ибратли фаолияти, ёшлар тарбияси, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари ҳақида сўз юритилди.
[gallery-20346]
Учрашувда отахон ва онахонлар ҳаёти ҳамда меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибалари, ҳаётдаги турли қийинчиликларни енгиб ўтиш, илм олиш йўлидаги машаққатлар, жамиятда муносиб ўрин топиш, ютуқларга қандай эришиш, бугунги кунда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида сўзлаб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўз ишининг етук мутахассиси бўлиб, ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш муҳим эканлигини таъкидлаб, маслаҳатлар берди.
Тадбирда хонадон, маҳаллаларимиз кўрки, файзига, фахру ифтихоримизга айланган кексалар бугунги кунда ёш авлод тарбиясига салмоқли ҳисса қўшаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Мазмунли ва катта тарбиявий аҳамиятга эга мазкур тадбир иштирокчилар, айниқса, талаба ёшлар хотирасида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари