Кексалар тажрибаси – ибрат мактаби
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари, «Нуроний» жамғармаси Республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Содиқжон Турдиев бошчилигида ўтказилган йиғилишда бугунги пандемия даврида аҳолининг ижтимоий муаммолари ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбиясида «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ҳамда Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари фаоллигини янада ошириш бўйича фикрлар билдирилди.
Маълумки, халқимиз азал-азалдан кекса ва нуронийлар, ёши улуғ инсонлар, пиру бадавлат отахону онахонларга ўзгача ҳурмат ва эътибор кўрсатиб келган. Уларни эъзозлаш, қадрлаш, саломатлигини асраш миллий қадриятларимизнинг ажралмас бўлаги бўлиб, ҳар бир хайрли иш кексаларнинг қимматли ўгитлари, зарур маслаҳатлари ва дуолари билан бошланган.
Эътиборлиси, халқимизнинг бу олийжаноб фазилати бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Хусусан, мамлакатимизда нуронийларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда ҳар бирида 15 нафар, жами 3255 нафардан иборат «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ва фуқаролар йиғини ҳузурида “Кексалар маслаҳати” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилгани уларнинг оилавий ажримлар ва жиноятларнинг олдини олиш, маҳалла ва оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кекса авлод вакилларининг роли нечоғлик муҳим эканининг ёрқин далилидир.
Давра суҳбатида сўзга чиққан вазир ўринбосари С.Турдиев бу ҳақда сўз юритаркан, жиноятчиликка мойиллиги бўлган ёшларни тўғри йўлга солиш, ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар ҳолидан хабар олиш ва бу жараёнда «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ҳамда Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари фаоллигини янада ошириш лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Айниқса, Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» Фармони асосида маҳаллаларда эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга ажратилаётган пул маблағларини манзилли ва мақсадли тарқатилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу хайрли ишда ҳам нуронийларнинг иштирокини янада кучайтириш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган «Фахрий мураббий» ордени юртимиз нуронийларига кўрсатилган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунаси эканлиги эътироф этилиб, ҳудудларда ушбу орденга номзодларни саралашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, ташкилий ишларни олиб боришда камчиликларга йўл қўймаслик, энг муҳими, мукофотнинг «Соғлом оила – соғлом жамият» деган эзгу ғоясини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш кераклиги хусусида зарур фикрлар билдирилди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунга келиб, «Фахрий мураббий» ордени билан мукофотлашга номзодларни танлаб олиш, улар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш механизмини жорий этиш бўйича намунавий «Йўл харитаси» тайёрланиб, туманларда 9 та, вилоятларда 11 та таниқли давлат, жамоат ва маданият арбобларидан иборат жамоатчилик комиссияси ташкил қилинди. “Йўл харитаси”га асосан иккита рўйхат ишлаб чиқилиб, айни пайтда барча маҳаллаларда мазкур мукофотга номзодларнинг биринчи ва иккинчи рўйхатлар шакллантирилмоқда.
Хусусан, биринчи рўйхатга номзодларни саралашда айни пайтда ишсиз бўлган, тарбияга муҳтож ёки тарбияси оғир бўлган ёшларни киритиш белгиланган. Иккинчи рўйхатга эса юрт фарзандларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ҳар томонлама намуна бўлиб келаётган, ишсиз ёшларга ҳунар ўргатиб, улар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамда бузғунчи ғоялардан ёш авлодни ҳимоя қила оладиган нуроний фахрийларни киритиш кўзда тутилган.
Шунингдек, давра суҳбати давомида мамлакатимиз бўйлаб қатъий карантин қоидалари юмшатилиши муносабати билан маҳаллаларда тўй ва бошқа оилавий маросимларни белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг «Коронавирус инфекциясига чалинган ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Қўшма Қарорининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда нуронийларнинг фаоллигини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, «Саломатлик учун 5 минг қадам» шиори остидаги пиёда юриш тадбирларини карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказиш, бу эзгу ташаббусни юртимиз бўйлаб кенг ёйиш кексаларимиз саломатлигини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга экани айтиб ўтилди.
Қолаверса, вазир ўринбосари Шароф Рашидов туманидаги «Қаҳрамон» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, у ердаги ижтимоий-маънавий муҳит билан танишди.
Хусусан, маҳалла аҳли билан учрашиб, бугунги пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд ва кам таъминланган қатламларига ажратилаётган моддий ёрдамларни ҳақиқий эгаларига тарқатиш, маҳалла ва ҳудудий сектор раҳбарлари томонидан шакллантирилаётган «Темир дафтар» тизими бўйича ишларни манзилли ва мақсадли олиб бориш, энг муҳими, оилавий ажримлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари» ва фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоларининг фаоллигини ошириш лозимлигини таъкидлади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазирлиги Матбуот хизмати