Кекса педагоглар ҳамиша эъзозда
Мамлакатимизда ҳар йили октябр ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” деб эълон қилинган.
Мамлакатимизда ҳар йили октябр ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” деб эълон қилинган. Ҳафталик доирасида нуроний отахону онахонлар, якка-ёлғиз қариялар, ўзгалар ёрдамига муҳтож ногирон ва бемор нуронийлар ҳолидан хабар олинади.
Сирдарё вилоятида айни пайтда 61 минг 583 нафар нуронийлар истиқомат қилади. Ушбу ҳафталик доирасида 10 нафар II Жаҳон уруши қатнашчиси, 541 нафар фронт орти меҳнат фахрийси ҳамда 13 нафар 100 ёшдан ошган кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олинди. Уларга совға-саломлар улашилиб, бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Кексаларнинг хоҳиш-истагига қараб вилоят ва Республика шифохоналарига, сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилаётир.
Қувонарлиси, ушбу хайрли ишларга нафақат вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ташкилот ва корхоналар, балки, саховатпеша, меҳри дарё, бағри кенг инсонлар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Бек қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, тадбиркор-қурувчи Бунёд Қамбаров ҳам нуронийлар ҳолидан хабар олиб, улардан хол-аҳвол сўраб, совға-салом улашаётир.

“Кексалар ҳафталиги” муносабати билан Бунёд Қамбаров ўзи таҳсил олган Гулистон шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабида бир пиёла чой устида устозларига байрам тадбири ўтказиб берди.
Мактабдаги биринчи устози, 80 ёшдан ошган меҳнат фаҳрийси Қумри она Султонованинг ҳамда 2-синфлигидан бошлаб рус тили ва адабиётидан сабоқ берган ўқитувчиси 80 ёшли мураббий Озода она Турсунқуловаларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Бугун кексалик гаштини сураётган пиру бадавлат нуроний устозларига совғалар топширди.
Шунингдек, тадбиркор-қурувчи, ҳамон шу илим даргоҳида келажак авлодга таълим-тарбия бераётган устозлари Ҳания Раҳмонова, Мунаввар Абдуазизова, Сайёра Раҳмоноваларни ҳам совға-саломлар билан сийлади.
– Бунёджон ўқувчилик йилларида энг аълочи, дўстларига меҳрибон, устозларига ҳамиша эътиборда бўлган садоқатли ўқувчиларимиздан бири, – дейди 15-умумий ўрта таълим мактаби директори Хония Раҳмонова. – Бирор байрам ёки атоқли саъна йўқки, у мактабимизга келмаса. Ва ҳар сафар келганида мактабимизда фаолият юритаётган мураббийларини ҳам, пенсия гаштини сураётган нафақадаги устозларини ҳам ёдидан чиқармайди, уларнинг ҳолидан хабар олиб, дилдан суҳбат қуришга вақт топади, совға-саломлар улашади.
Ҳар сафар у, мана шу ўзи таҳсил олган мактаби учун қандайдир ёрдам кўрсатади. Мана “Кесалар ҳафталиги” муносабати билан таълим даргоҳимизга келган Бунёд Қамбаров бу гал мактабимиз кутубхонаси учун 300 нусхадаги жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари ҳамда ўқув дарсликларини туҳфа қилди. Ана шундай меҳри дарё, саховатпеша шогирдларимиз борлигидан биз, педагоглар ҳам фахирланамиз.