Кечки картошка, август-сентябрь пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида қишлоқ хўжалиги экинларини экиб, салмоқли даромадга эга бўлинг ва халқимиз дастурхонини тўкин қилишга муносиб ҳисса қўшинг!
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигиҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгашинингтоморқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликларига мурожаати
Ҳурматли томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерлар!
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бир йилда икки-уч марта ҳосил олиш имконини берадиган бетакрор иқлимимиз ва унумдор тупроғимизнинг қадрига етинг: ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланган ҳолда картошка, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиб, дастурхонимизни янада тўкин қилишга муносиб ҳиссангизни қўшинг.
Томорқа ерлари, боғ қатор оралари ва дала четларига экинлар экинг. Бунда, давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари билан белгиланган ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг қуйидаги имтиёзларидан фойдаланинг:
– ердан самарали фойдаланиб, бир сотихдан 5 миллион сўмдан юқори расмий даромад топинг ва ер солиғининг 90 фоизини «кешбек» тарзида қайтариб олинг;
- томорқангизда энг намунали ва инновацион лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаган миқдорда грантлар ютиш имкониятидан фойдаланинг;
- уста деҳқонлар томонидан қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этинг ва ҳар бир курс учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача миқдорда субсидия олинг;
- маҳаллангизда 50 фоиз хонадонларнинг томорқасида экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйишга кўмаклашиб, 100 миллион сўмгача субсидия олинг;
- томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари учун
7 йилгача муддатга 18 фоиз ставкада кредитлар олинг;
- ихчам музлаткичли омборхоналар, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари, тайёр ҳолдаги иссиқхоналар учун 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан лизингга олинг;
- аҳоли томорқаларида самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш ва янгиларини барпо этиш учун субсидиялар олинг;
- сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда ер участкаларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш, ишга тушириш учун субсидия олинг;
- сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиб, томорқа ер майдонларида серҳосил ва юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиринг;
– кенгаш ҳузуридаги томорқачиликни ривожлантириш тажриба майдончаларида томорқадан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосил олиш бўйича аҳолини билим ва кўникмаларини оширинг;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги сабзавотчилик илмий тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган қўлланмадан фойдалиниб юқори ҳосил олишга эришинг.
Томорқа ер майдонлари ҳамда деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ерларда экин тўлиқ экилмаган ёки қаровсиз қолдирилган ҳолатларда:
- томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига давлат дастурлари доирасидаги имтиёзли кредитлар берилмайди;
- ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар учун назарда тутилган имтиёзлар тўхтатилади;
- «Онлайн маҳалла» электрон платформаси маълумотлари асосида экин экилмаганлиги аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланади.
Қадрли томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерлар!
Келинг, масъулиятимизни янада ошириб, томорқа ерларига, боғ қатор оралари ва дала четларига картошка, пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини ўз вақтида экишни ташкил этайлик. Бунинг учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:
Кечки картошка етиштиришда:
- кечки картошка учун ерни экин қолдиқларидан тозаланг, талаб этилган чуқурликда шудгорлаб, экиш учун ариқ эгатларини тайёрланг;
- ернинг ҳароратини инобатга олиб экишни ташкил этинг;
- сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиб, 1-2 сув оралиғида минерал ўғитларни тавсия этилган миқдорда солиш юқори ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади;
- картошкани парваришлашда ривожланиш фазасини доимий назоратга олинг (тананинг ўсиб бориши ва барглар рангини ўзгаришига аҳамият бериш);
- гуллаш давридан аввал зараркунандалар (колорадо қўнғизи, сим қурти ва бошқалар)га қарши кимёвий ишлов беришни унутманг;
- картошка гуллагандан сўнг сувни белгиланган меъёрида беришга аҳамият беринг;
- куз ойларида қисқа муддатли совуқ хаво юзага келганда, устини плёнка (дуга қилиб) ёки агроволокна (агротола мульча) билан ёпинг.
Август-сентябрь пиёзи, саримсоқпиёз етиштиришда:
- ерни экин қолдиқларидан тозаланг, талаб этилган чуқурликда шудгорлаб, ерни экишга тайёрланг;
- пиёз ва саримсоқпиёзни сентябрь ойи ичида экиш етарли кўчат олиш ва кўчатларни яхши илдиз чиқаришида муҳим аҳамият касб этади;
- сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланинг;
- ўсимликларни парваришлашда ривожланиш фазасини доимий назоратга олинг, бегона ўтлардан тоза тутинг;
- экинларни касаллик ва зараркунандалардан самарали ҳимоя қилинг, минерал ва органик ўғитлардан белгиланган меъёрда фойдаланиб, юқори ҳосил ва қўшимча даромадга эришинг.
Тўқсонбости усулида сабзавотлар етиштиришда:
Тўқсонбости усули нафақат яхши даромад манбаи, балки аҳолининг қиш ва баҳор ойларидаги сабзавот эҳтиёжини қондириб, бозорларимизда барқарор нарх ва тўкинликни таъминлашнинг ҳам муҳим омилидир.
- ерни олдинги экин қолдиқларидан тозалаб, талаб этилган чуқурликда шудгорлаб, экишга тайёрланг;
- кузда совуқ ва намгарчилик бошланишидан олдин тўқсонбости усулида экиш учун совуққа чидамли — сабзи, кўк пиёз, ош лавлаги, карам ва турли кўкат (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) уруғларини тайёрлаб, кечиктирмасдан экинг;
- уруғларни тавсия этилган меъёр ва чуқурликда экиб, дастлабки сувни ўз вақтида беринг;
- экинларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилинг, бегона ўтлардан тоза тутиб, юқори ҳосилга эришинг.
Ҳурматли томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерлар!
Барчангизни томорқа ерларидан, боғ қатор оралари ва дала четларидан унумли фойдаланиб, картошка, август-сентябрь пиёзи, саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишларини белгиланган муддатларда якунлашга чақирамиз.
Эсингизда бўлсин, бугунги ҳаракат – эртанги тўкинлик ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир! Еримиз баракали, ризқимиз бут, хонадонларимиз ҳамиша тинч ва обод бўлсин!
Иқтисодиётимизни юксалтириш ва она юртимизни янада обод этиш йўлида муносиб ҳиссангизни қўшинг — қишлоқ хўжалиги экинларини ўз муддатида экинг ва юқори ҳосилга эришинг!
Ўзбекистон Республикаси
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистон фермерлари кенгаши