Кечиккан автомобиллар эгасига етказилди
Ургут тумани “Қуйигузар” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Баҳриеванинг Самарқанд шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки тартибда қилган мурожаати мутахассислар томонидан тегишли тартибда ўрганилди.
Маълум бўлишича, фуқаро “Самарқанд Авто Тех Хизмат” МЧЖ билан 2022 йил 15 июнь куни тузилган шартномага асосан белгиланган тартибда 131 миллион 134 минг сўм тўловни амалга оширган. Шартнома шартларида фуқарога 2022 йилнинг 30 ноябрь кунида МЧЖ томонидан “Lacetti” L-Style MT русумидаги автомобиль етказиб берилиши кўрсатилган. Аммо белгиланган вақтдан икки ой муддат ўтиб кетган бўлсада, фуқарога автомобиль етказиб берилмаган.
Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ходимлари томонидан МЧЖ раҳбариятига Ўзбекистон “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари тушунтирилиб, зарур ҳужжатлар асосида хулоса қилинди. Натижада 2023 йил 7 февраль куни фуқаро Г.Баҳриевага МЧЖ томонидан автомобиль етказиб берилди.

Зарафшон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ҳам жорий йилнинг 4 январь куни Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Султонбек Раззоқовдан Федерациянинг ишонч рақамига мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда келтирилишича, фуқаро “Navoiy AVTOMOTORS” МЧЖ билан янги «Cobalt» автомашинаси сотиб олиш умидида 2022 йилнинг 23 июнь куни шартнома имзолаган ва шартномада белгиланган муддатларда келишилган 128 миллион 645 минг сўм маблағни тўлиқ тўлаб берган. Аммо шартномада автомашинанинг етказиб бериш муддати этиб 2022 йилнинг 31 август куни белгиланган. Шартноманинг бошқа бир бандида эса ишлаб чиқарувчига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлаб чиқаришнинг вақтинча узилишлари юз берган тақдирда маҳсулотни етказиб бериш муддати 31 августдан 45 календарь кунигача узайтирилиши кўрсатилган.
Фуқаро мурожаатида автомобиль ўз вақтида етказиб берилмаётгани ва автомобилни қисқа муддатларда етказиб берилишида амалий ёрдам сўраган. Фуқаронинг мурожаати жамият масъуллари томонидан ўрганиб чиқилди ва “Navoiy AVTOMOTORS” МЧЖга фуқаронинг мурожаати юзасидан хат йўлланиб, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддалари тушунтирилди ва фуқарога 14 январь куни автомашина етказиб берилди.
ЎзА