Кечаги хомхаёллар – бугун ҳақиқатга айланди
Режадан ортганини шахсий омборларига 60-70 тоннадан ошириб ғамлаб қўймоқда.
Сирдарё вилояти Боёвут тумани Маҳмуд Носиров номидаги сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги ғаллачилик фермер хўжаликларининг қайси бири ғалласи ўрилса, давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини 110-115 фоиз қилиб ошириб бажармоқда. Режадан ортганини шахсий омборларига 60-70 тоннадан ошириб ғамлаб қўймоқда. Нима ҳам дердик, ҳалол меҳнат билан даромад қилган қандини урсин.
Боёвут туманига биз излаб борган фермер – “Ташаббус – 2019” республика кўрик танловининг туман ва вилоят босқичларида мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат финалига йўл олган, кўп тармоқли “Мурод” фермер хўжалиги раиси Собир Муродовнинг далалари ҳам айнан шу уюшмада экан.
– Собиржон энг илғор, энг пешқадам фермерларимиздан, у бизни фахримиз, – дейди Маҳмуд Носиров номидаги СИУ раиси Даврон Маликов. – Уни нафақат уюшмамиз ёки туманимизда, балки вилоятимизда ҳам ҳаммага ибрат қилиб кўрсатса арзийди.

Масалан, “Мурод” фермер хўжалиги пиллабоқарлари қишлоқ хўжалик мавсумининг илк ҳосили – давлатга пилла сотиш режасини 110 фоизга уддалади. 350 тонна ўрнига 400 тонна ғалла сотиб, давлатга дон сотиш шартномавий режасини 120 фоизга бажарди. Ишчи хизматчиларига тарқатган 60 тонна дондан ташқари, шахсий омборига ҳам анча-мунча ғалла ғамлаб қўйди.
Бошқа фермерларимиз энди ғўзасига иккинчи ишловни бошлаган бўлса, Собир ҳадемай 123 гектарлик пахта майдонидаги ғўзасига икки бор дорилаб, ишлов бериб, учинчи ишловни бошлайди.
Ғўза ниҳоллари ҳам баравж ўсмоқда, ҳар бир ниҳолда 2-3 тадан шона бор. Ғўзаси бугун-эрта гулга кирса ажабмас.
Дарҳақиқат, кўп тармоқли “Мурод” фермер хўжалиги миришкорлари булардан ташқари, яна 7,5 гектар боғнинг 1 гектарида гилос, 6,5 гектарида 3 турдаги серҳосил олма навлари парвариш қилинмоқда.
Фермер хўжалиги ғалласини ўриб бўлган 3 дона “Кейс” комбайни, 2 та “Зил” юк автомобили ҳайдовчию операторлари билан биргаликда ғалла ўрим-йиғимида отряд таркибида меҳнат қилмоқда. 1 та “Магнум-260”, 5 та “МТЗ-80”, 3 та ТТЗ “Мурод” фермер хўжалиги далаларида унум билан ишлатилаётир.
Шунингдек, хўжаликка қарашли 60 бош қорамолнинг 40 бош соғин сигиридан ҳар куни 350-400 литр сут соғиб олмоқда. Соғилган сутдан сарёғ олиб, бозорга чиқариб мўмайгина даромад қилинаётир. Бундан ташқари, фермер хўжаликда 40 бош йилқи, 350 бош қўй-эчки ҳам боқилмоқда.

Хўжалик ишларининг унумида 20 нафар доимий иш ўрнига эга бўлган аҳил ва бирдам жамоа аъзоларининг ҳиссаси катта. Шунингдек, фаслга қараб 20 нафардан 50 нафаргача мавсумий ишчилар ҳам хўжалик юмушларига жалб этиб турилади.
– “Мурод” фермер хўжалигини отам ташкил этиб, ҳозир ўзлари нафақада, ишларини эса мен давом эттираяпман, – дейди кўп тармоқли “Мурод” фермер хўжалиги раиси, “Ташаббус-2019” республика кўрик танловининг вилоят босқичи ғолиби Собир Муродов. – 2-3 йилдирки хўжаликни кўп тармоқлига айлантирдик. 150 бош қорамолга мослаб қурилаётган замонавий типдаги молхонамиз битди. “Халқ банки”дан 2 миллиард 500 миллион сўм кредит олиб, Германиядан 100 бош наслли қорамол олиб келмоқчимиз. Шунингдек, хориждан сутни қайта ишлайдиган, қадоқлайдиган энг замонавий инновацион технологиялар келтириб ўрнатамиз. Оғил ёнидан ана шу технология учун ҳам зарур иншоот қуриб битказилди. Буларнинг барчаси рўёбга чиқиши учун зарур ҳужжатлар имзоланган. Эрта кузда бу лойиҳамиз тўлиқ амалга оширилади. Шундан сўнг маҳсулотимизни хорижга экспорт қилишни режалаштиряпмиз.
Дарвоқе, кўп тармоқли “Мурод” фермер хўжалиги жамоасининг ушбу лойиҳаси ижроси таъминланса яна 15 нафар қишлоқ ёшлари доимий иш ўрнига эга бўлади.
Бундан 15-20 йил аввал, боёвутликлар, нафақат улар балки ҳар биримиз, “Бир кун келиб, оддий қишлоқ йигити йирик мулкдорга, ишбилармон тадбиркорга айланади, ишлаб чиқарган маҳсулотларини хорижликлар кўзига суртиб харид қилади”, дейишса ҳамма уни чўпчакчига чиқариши шубҳасиз эди.
Минг шукурки, бугун ана шу 20-30 йиллик хом-хаёл, чўпчаклар – Президентимиз тадбиркорларни, айниқса қишлоқ тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани, уларнинг манфаатларини ўйлаб чиқарилган ва чиқарилаётган фармон, қарор ва фармойишларининг ҳаётга, ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши, қолаверса, Собир Муродовга ўхшаган оддий қишлоқ йигитларининг саъй ҳаракатлари сабаб – реал ҳақиқатга айланди. Қандинг ур, Собиржон!