Каттақўрғон драма театри жамоаси Навоийда
Маълумки май ойи мамлакатимизда “Театр ойлиги” деб эълон қилинган. Санъатлар ичида театр инсон кечинмаларининг шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаш, асосийси, асар қаҳрамонларининг томошабин билан юзма-юз бўлиши билан аҳамиятлидир. Айниқса, театрнинг миллий қадрият ва урф-одатларимизни улуғлаш ҳамда тарғиб қилишдаги ўрни беқиёс.
Мазкур ойлик доирасида Навоий вилояти “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият ва туризм бошқармалари томонидан олий ўқув юрти талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандларининг мароқли маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда маънавий озуқа олишларини таъминлаш мақсадида бепул спектакллар намойиш этилмоқда. Ойлик доирасида Каттақўрғон шаҳар драма театри ижодий жамоаси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданият саройлари, олийгоҳлар, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида спектакллар қўйилмоқда.



– Шу кунларда театримиз жамоаси Қизилтепа тумани Маданият саройида мактаб ўқувчилари учун “Жин девор” спектаклини намойиш этмоқда,
– дейди драма театри директор ўринбосари Жавлон Жоманов.
– Бундан ташқари, ижодий жамоамиз томонидан Нурота тумани маданият марказида болажонлар учун “Супер қуён” спектаклли намойиш этилди.
Ойлик доирасида ушбу театр томошаларига 10 минг нафарга яқин ўқувчи-ёшлар жалб этилиши режалаштирилган.
А.Бўриев. ЎзА