Катта сайлга айланган санъат байрами
Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган II халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасидаги "Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари мамлакатимиз маданияти ва санъатининг нақадар бойлиги ва бетакрорлигига, бахшичилик санъати шунчаки ижро эмас, илм даражасида ўрганилиши керак бўлган номоддий бойлик эканини алоҳида эътироф этмоқда. Катта сайлга айланган ушбу санъат байрами мухлислар ҳамда хорижлик меҳмонларга ғоят манзур бўлмоқда. Қуйида уларнинг айримларининг фикрларини келтирамиз.
Талантаали Бакчиев, қирғизистонлик олим:
– Халқаро конференцияда бахшичилик санъати ҳақида батафсил сўз юритилмоқда. Маърузалар ҳам ғоят қизиқарли, ҳар бир давлатнинг ўзига хослигини очиб берувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб, маълумот берилмоқда. Булар, шубҳасиз, бахшичилик санъатининг янада ривожланиши учун яхшигина имкониятдир. Бахшилик сагнъати фестивали айни пайтда ёшларда бу нодир санъатга бўлган ҳурмат ва қизиқишнинг ҳам ортишига хизмат қилади. Устоз-шогирд мактаби анъаналари янада равнақ топишига кўмаклашади.
Анорбой Болдибой, қозоғистонлик олим:
– Ушбу конференция шуниси билан аҳамиятлики, унда бахшичилик санъатининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва аҳамияти батафсил муҳокама этилмоқда. Назаримда, бу санъат қаърига тарих, нотиқлик, ўтмиш воқеалари, инсоний кечинмаларнинг ранг-баранг тафсилотлари, теран ҳаётий фалсафа сингдирилган. Шу боис бахшининг ижросини мухлислар катта диққат-эътибор билан, иштиёқ билан тинглайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу бебаҳо санъат турига меҳри, ҳаваси катта эканига гувоҳ бўлдим. Булар бахшичилик санъатига алоҳида ғамхўрлик кўрсатишда ҳам, шундай ажойиб фестивалларни ўтказишда ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Мустафо Думан, туркиялик олим:
– Достонлар замирида тарих силсиласи, воқеликлар, инсонларнинг бир-бирига муносабати бор. Унда куйланган айтимлар, янграган сўзлар, ҳикматлар, агар диққат билан тингласангиз, бугун ҳам ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Шу сабабли ҳам бахшичилик бебаҳо санъат бўлса керак, менимча. Мен фестиваль жараёнларида Нукуснинг марказий кўчаларида жуда ажойиб сайл, байрам тарзида нишонланаётган бахшиларнинг бадиий дастурларини кўрдим. Халқингизнинг асл қиёфаси, миллий ўзлиги ана шундай ижодий фествалларда яққол билинади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.